Рағбат куч берди
Бу йилги Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳаётимда ўчмас из қолдирди. Президентимизнинг фармони билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирландим. Бу унвон нафақат менга, балки самарқандлик барча педагогларга берилган юксак баҳо, деб биламан.
Чунки кейинги йиллар давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси, халқпарварлиги, айниқса, зиёлиларга алоҳида эътибори туфайли ўқитувчининг мақоми ошди, педагогнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юқори даражада кафолатланди. Таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланди.
Зиёли киши учун халқнинг, давлат раҳбарининг эътирофидан-да юксак мукофот бўлмаса керак. Ҳар йили касб байрами арафасида давлат мукофотлари билан тақдирланаётган юзлаб педагоглар бу гапларимга қўшилишига ишонаман.
Эллик йиллик педагогик фаолиятим давомида катта тажриба орттирдим. Мамлакатимизнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган фуқаро сифатида айтишим мумкинки, муаллим ва устозларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, аҳамияти илгари бугунгичалик бўлмаган.
Президентимизнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригида таъкидланган мамлакатимиз олий таълим тизимидаги ислоҳотлар самарасига оид рақамларнинг ўзи бу фикримни исботлайди:
“Бугунги кунда ўқитувчиларнинг иш ҳақи 2016-йилга нисбатан ўртача 2,5 марта, профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маоши эса 4,5 карра ўсди, октябрь ойидан педагог ходимларнинг иш ҳақи яна 15 фоизга оширилди.
Қисқа муддатда юртимизда 135 та янги олийгоҳ ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 211 тага етказилди, тизимда қамров даражаси 4 баробардан зиёд ошиб, 9 фоиздан 38 фоизга етди”.
Биргина вилоятимиздаги олий таълим муассасалари сони 16 тага етди (11 давлат, 5 та нодавлат).
Муҳими, юртимизда ҳалол ва фидойи меҳнат қилиб, жамият ривожига ҳисса қўшаётган ҳар қандай касб эгаси қадрланмоқда. Кўрсатилаётган бундай ҳурмат-еътиборга лойиқ бўлиш, янада жонбозлик кўрсатиш эса юртдошларимиз фаолиятининг бош мезонига айланмоқда.
Албатта, рағбат инсонга куч беради, уни янги марралар сари руҳлантиради. Ҳозир олдимизда турган муҳим вазифаларни бажаришда биздан фидойилик ва халқимизни рози қилишдек вазифалар турибди.
Ўзимдан мисол, ушбу фахрий унвон менга қанча куч-қувват берган бўлса, елкамга шунча катта масъулият юклади. Эндиликда аввалгидан ҳам кўпроқ ишлашни мақсад қилиб, ёш авлодга ўз билим ва тажрибамни ўргатишга бор куч ва салоҳиятимни сарфлайман.
Суюн КАРИМОВ,
Самарқанд давлат университетининг ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.