Рашид Темуров таваллудининг 110 йиллигига бағишланган шахсий рангтасвир асарлари кўргазмаси очилди

Самарқанд шаҳридаги “Халқлар дўстлиги ва диний бағрикенглик” музейида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рашид Темуров таваллудининг 110 йиллигига бағишланган шахсий рангтасвир асарлари кўргазмаси ташкил қилинди. Кўргазмада рассомнинг музей-қўриқхона фондида ҳамда оилавий шахсий жамланмасида сақланаётган олтмишга яқин рангтасвир асарлари намойиш қилинмоқда. 

Ўзбекистон тасвирий санъатида манзара жанри ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Рассом қадрдон юрт жамолини тасвирлаш орқали табиатга, миллий урф одатларга, гўзалликка муҳаббат уйғотиш керак деган фикрни талқин этади. Бу жанрда ижод қилган рассомлардан Ў.Тансиқбоев, Н.Карахан, П.Беньковлар билан бир қаторда она юрт меҳрини ранглар орқали тараннум этган Рашид Темуровнинг ижоди ҳам алоҳида таҳсинга сазовор.

- Рашид Темуровнинг асарлари ҳозирги кунда дунёнинг турли минтақаларида, хусусан, Давлат Третьяков галерияси, Шарқ халқлари давлат музейи, Норилск ва Целиноград ҳамда мамлакатимиздаги турли музейларда сақланади, - дейди  Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи санъат бўлими мудири Сафура Рўзимуротова. - Жумладан, “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси фондида рассомнинг қирққа яқин асарлари сақланяпти. Рассом томонидан Самарқанднинг сўлим боғлари, сершовқин бозорлари, тарихий обидалари тасвирланган “Самарқанд обидалари”, “Афросиёбда баҳор”, “Самарқанддаги қовун бозори”, “Ургут кулолчилиги”, “Бибихоним ҳовлисида”, “Шоҳизинда”, “Регистон кўчаси” каби асарларида юртга муҳаббат оҳангларини кўриш мумкин. Ушбу асарлар шу кунгача ҳам музейда ташкил қилинган кўпгина кўргазма ва экспозицияларда намойиш этилиб, кенг жамоатчиликнинг эътирофига сазовор бўлган. 

Кўргазманинг очилиш тадбирида музей ходимлари, рангтасвир санъати мухлислари, ёшлар ва кенг жамоатчилик фаоллари иштирок этди.   

Кўргазма жорий йилнинг 16 октябрига қадар намойиш қилинади.