РАСМИЙ МУНОСАБАТ: Ички ишлар органлари малака ошириш марказлари тингловчиларини пахта йиғим-теримига юборилиши юзасидан
Кейинги кунларда ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва малака ошириш марказларининг тингловчилари пахта йиғим-теримига жалб этилишидан норозилиги ҳақидаги видеолавҳалар интернет ижтимоий тармоқларида тарқалди.
Мазкур видеолавҳалар ўқув марказларига жорий йилнинг 11 сентябридан бошлаб, бир ойлик малака ошириш ўқув йиғинига келган айрим тингловчилар томонидан тасвирга олиниб, тарқатилган.
Ушбу қисқа муддатли ўқув йиғинларида таҳсил олаётган тингловчиларни пахта йиғим-теримига жалб этиш бўйича бирон-бир топшириқ берилмаган, бугунги кунда барча тингловчилар билан режалаштирилган ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Машғулотлар 11 октябргача давом этиб, шундан сўнг тингловчилар тегишли вилоятларга ўз хизмат жойларига қайтариб юборилади.
Тарқатилган видеолавҳаларда тингловчилар ўқув масканлари ҳудудида эканлиги ва пахта терими билан боғлиқ бўлган ҳеч қандай ҳолатлар акс эттирилмаганлиги кўриниб турибди. Бундан ташқари, ушбу лавҳалар айрим тингловчиларнинг асосланмаган фикрларига кўра атайин тайёрланиб, ички ишлар органларини обрўсизлантириш, ходимлар шаънига путур етказиш мақсадида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилганини англаш қийин эмас.
Айни пайтда ўқув марказларида юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича ички суриштирув ишлари ўтказилмоқда.
Ички ишлар органлари ходимлари учун ҳар қандай ҳолатда ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда, энг аввало, эл-юрт равнақи йўлида хизмат қилиш олий бурч ҳисобланади.
Қайд этиш жоизки, бугунги кунда ички ишлар органлари ходимлари бошқа тадбирлар қаторида пахта йиғим-терим мавсумида жамоат тартибини сақлаш, пахта ҳосилининг нес-нобуд бўлиши ва талон-торож қилинишининг олдини олиш, теримга жалб этилган ҳашарчиларни ташиш вақтида хавфсизликни таъминлаш ва бошқа оммавий тадбирларда амалдаги низом ва буйруқлар асосида фаол иштирок этмоқдалар.
Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати турли ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан тасдиқланмаган ахборотларга ишониб, ортиқча эҳтиросларга берилмасдан, вазирликнинг расмий маълумотларига таянган ҳолда фикр юритишларини сўраган.
Ижтимоий тармоқлардаги ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай хабар ёки маълумотлар бўйича вазирликнинг ваколатли органлари томонидан расмий муносабат билдириб борилади.