Рауф Парфи таваллудининг 80 йиллигига

Буюклик вақтга бўйсунмайди

Ўтган аср ўзбек адабиёти тарихида шундай истеъдод эгалари борки, уларнинг ҳаёти зиддиятлар, кўнгилсизликлар, фожиаларга бой. Шу кунларда таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимиз адабий жамоатчилиги томонидан кенг нишонланаётган Ўзбекистон халқ шоири, бетакрор таржимон, журналист Рауф Парфи ана шундай ижодкорлардан биридир.

Йигирманчи аср шеъриятида Рауф Парфи ижоди алоҳида ўрин тутади. Адабиётшунос олимларнинг фикрича, ўтган асрнинг 50-60 йилларида шоир ўзининг ғайриоддий ноанъанавий шеърлари билан ўзбек шеъриятига янги пафос, янгича руҳ киритган. У тириклик чоғидаёқ классикка айланган замонавий ўзбек шеъриятининг ёрқин намоёндаси эди.

 Нега шоир унвонни олгиси келмади?

Адабиёт тарихида Рауф Парфи ўзига берилган юксак унвонни олмаган шоир сифатида қолган. Хўш, нимага шундай бўлган эди?

1999 йилда Рауф Парфига “Ўзбекистон халқ шоири” унвонини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди. Юқоридагилар бу ғайриоддий шоирнинг шеърларини одамлар катта қизиқиш билан ўқиб, уни тирик классик деб атай бошлаганини яхши билишарди.

Аммо Парфи мукофотни қабул қилмади ва Ўзбекистон халқи “қашшоқлик ва қонунсизлик” шароитида яшаётган, кўплаб ватандошлари хорижда рўзғор тебратиш мақсадида мамлакатни тарк этаётган бир пайтда бу мукофотни қабул қила олмаслиги айтиб, унвондан воз кечди.

Бу воқеадан сўнг Парфи шеърларини ҳеч қаерда босмаслик кераклиги ҳақида кўрсатма берилди. У ҳатто ишидан ҳам айрилди. Шоир газета-журналлар таҳририятига ёзувчи дўстларини кўргани келганида: “Рауф ака, тушунинг, шеърларингизни чоп этсак, бизни ёпишади, буни нима кераги бор?” дейишди. Аммо, яна бир ажабланарли томони шундаки, Парфи ўзбек адабиётининг тирик классиги сифатида ўша йилларда мактаб дарслигининг бир боби унинг ижодига бағишланган бўлса, 2003 йилда шоирнинг 60 йиллиги муносабати билан у ҳақда баъзи даврий нашрларда бир қанча мақолалар чоп этилган.

Айтишларича, бир куни кечаси дўстлари уни кўргани келишди, лекин шоир Тошкентда пропискадан ўтмаганлиги сабабли келганларни ички ишлар органлари ходимлари деб ўйлаб, уларга узоқ вақт эшикни очмади. Ажабланарлиси шундаки, бундай ҳолларда уни ҳуқуқ-тартибот идораларидан қутқариб қолган нарса - Ислом Каримовнинг шахсий имзоси муҳрланган Халқ шоири гувоҳномаси эди. Парфи бу унвондан бош тортган бўлса-да, кейинроқ уни олган ва бу ҳужжатни доим ёнида олиб юрган.

У ҳатто севимли китобларини сотишга мажбур бўлди

Оиладаги жанжаллар туфайли уй-жойсиз қолган Рауф Парфи Тошкентнинг турли бурчакларида сарсон-саргардон юрган пайтлари ҳам бўлган.

Шоир камбағал эди, ишдан айрилгач, тирикчилик учун ҳеч қандай имконият қолмаганидан ҳатто севимли китобларини сотишга ҳам мажбур бўлди. Унинг китоб сотувчи дўстлари бор эди, уларнинг буюртмаларини баъзан бажариб, улардан нодир нашрларни қидириб топарди.

Парфининг пули бўлмаганида баъзан аеропортга келиб қоларди. Маҳаллий авиакомпаниялар эса деярли ҳар куни пойтахтга вилоят шоирларини олиб келишарди, улар устозини суҳбатлашиш ва янги шеърлар эшитиш учун ресторанга таклиф қилишар, пул беришарди.

Умрининг сўнгги йилларида Рауф Парфининг шеърлари деярли чоп этилмаганига қарамай, унинг мухлислари камайгани йўқ, аксинча – унинг сатрлари мухлислар орасида янада ёйилди, шеърлари ёдланди. Бу - ҳақиқий истеъдодининг кучи эди.

Р.Парфи инсон қадр топган юртга яшашни орзу қилар, мамлакатда ёлғон, порахўрлик, ўзбошимчалик, конформизм, алдаш, ура-урачилик авж олиб бораётганини ҳазм қила олмасди. Бундай шароитда ижодкор одам омон қолиш учун баъзан нимагадир ёпишиб олишга мажбур бўлади. Ва бундай "ёпишиш" принтциплар ва идеалларга қарши қадам қўйишга олиб келишидан шоир қийналарди.

Сукунат - энг даҳшатли ҳайқириқ

- Бир пайтлар шоирликнинг мақсади ҳақида гап кетганида, Р.Парфи шеърларининг нашр этилиши ёки чиқмаслигини эмас, балки уларнинг яратилиш жараёнининг ўзи муҳимлигини айтганди, – деб эслайди кинорежиссёр Алишер Ҳамдамов. - Бундан у ҳеч нарса билан таққосланмайдиган ҳақиқий завқ оларди. Унинг сўзларига кўра, шоир шеър ёзиш чоғида ҳавога кўтарилиб, ўз ихтиёридан мутлақо ташқари ҳолатга бўлар экан.

Замондошларининг айтишича, Р.Парфи қуйидаги сўзларни такрорлашни яхши кўрарди: энг даҳшатли фарёд – бу сукунатдир.

Шароит тақозоси туфайли Парфи умрининг сўнгги йилларида расмий доираларга тўғри келмагани учун қалбида тўпланган ҳамма нарсани ифода этиш имкониятидан маҳрум бўлиб, сукут сақлашга мажбур бўлди. Унинг қалбида тинимсиз жанг бўлиб турарди, Шоирнинг ўша даврдаги ижоди қарама-қаршиликларнинг бирлиги ва курашини ифодалайди, бу ҳиссий чиқиш, портлаш имкониятига эга эмас эди.

Таъкидлаш жоизки, Рауф Парфининг яқин дўстлари Виктор Соснора, Николай Рубцов каби машҳур рус шоирлари бўлган.

– Р.Парфи Рубцов шеърларини ўқиб, улар унга руҳан қанчалик яқин эканини англади, – деб эслайди Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг. - Ўтган асрнинг етмишинчи йилларининг бошларида, Рубцовнинг ўлимидан икки йил олдин Парфи уни узоқ рус қишлоғида топади ва у ерда узоқ вақт ўз дўстининг ёғочдан ясалган уйида қолди.

Кейинчалик бу икки дўст бир-бирларининг асарларини ўзларининг она тилларига таржима қилишади.

Бутун жаҳон шеърияти унинг уйи эди

– Ҳақиқий шоир Р.Парфининг боқий шеърияти 20-асрнинг 70 йилларидан бошлаб адабий жараённинг диққат марказида бўлиб келган ва шундай бўлиб қолавериши муқаррар. Ўтган юз йилликдаги ўзбек шеъриятининг кейинги ярим асрини Рауф Парфи ижодисиз тасаввур этиб бўлмайди, - дейди таниқли шоир ва журналист Карим Баҳриев. – Рауф Парфи шеъриятининг бош мавзуси – Инсон, Ватан, Туркистон ва туркий дунё бирлиги. Шоир ўзининг ҳаётий идеалларига содиқ, эътиқодида букилмас ҳаёт кечирди. Бевафоларга ҳам содиқ эди, лекин иймонини сотмади. У 20-асрдаги инсон фожиасини муқаддас она тилида ифодалашга қарор қилган мард шоирдир. Унинг гўзаллик ҳодисасига айланган изтиробли шеъриятида синаб кўриш, Ирода, Ҳақиқат, Эзгулик ва Гўзалликнинг рангини кўриш, уларнинг юзига қараш мумкин.

Р.Парфи фаолият кўрсатган “Жаҳон адабиёти” журналида жаҳон мумтоз асарларининг ўзбек тилига энг сара таржималари тақдим этилган.

Шоир ва замон юзма-юз учрашади

Адабиётшунос Н. Раҳимжонов шундай фикрда: Рауф Парфи назарида шоир “қора қаламни маҳкам тутган”, маъюс ва ғамли ўйларни сочувчи, норози одамдир. Аммо унинг норозилиги биринчи навбатда ўзига қаратилган. 70 йилларда шоир ёзганидек: “Ўт билан сув юзма-юз учрашгандай, шоир ва замон юзма-юз учрашади”. Зеро, шоир қалбида “буюк эътиқод – мурувват илҳом” ва қасос, “собит ўч” яшайди.

Рауф Парфининг образли тимсоллардан қайта тикланган бадиий тафаккури илк сатрларданоқ ирода эркинлиги ва ҳуррият руҳи, зулмга қарши исён, жамиятдаги ижтимоий адолатсизлик, тенгсизликка қарши кураш ғоялари билан суғорилган эди.

– Рауф Парфи ҳаёт ҳақиқатидан кўра кўпроқ қалб ҳақиқатига интилади. Назаримда, у кундалик ҳаётда қандай яшамасин, одамлар билан қандай мулоқотда бўлмасин, шеър ёзаётганда қандайдир маънавий юксакликдан ёзган, - деб давом этади К.Баҳриев. – Сатрлари фасоҳатли, доно, сўроқли, виждон каби. Ушбу ҳодиса ҳали ҳам ўрганилиши керак. У ўзбек шеърий маданиятининг поэтик тузилишини нафақат ўзбек халқининг орзу-умидлари, дарди ва изтироблари, балки тафаккур маданияти, юрак уриши, ўзбек миллий руҳи билан ҳам бойитиб, бутун бир метафора тизимини яратди. Шеърнинг мусиқийлигини яратувчи ҳис-туйғулар оқими фақат Рауф Парфи ижодий изланишларига хос ноёб эффектдир.

Шоирнинг бетакрор шеърлари билан танишиб, беихтиёр шундай хулосага келасизки, чинакам истеъдодли ва буюклик замонга, вақтга бўйсунмайди. Р.Парфи ўлимидан сўнг ҳам унинг истеъдодининг кўплаб мухлислари томонидан шоир эсланаяпти, оқлаяпти ва севилаяпти. Демак шоир иккинчи умрини яҳсамоқда. Бу умрга эса ниҳоя ёқ. Чунки у мангуликка дахлдордир.

Маълумот ўрнида

Рауф Парфи – (тахаллуси “Ўзтурк”) 1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Шўралисой қишлоғида Парфи Муҳаммад Амин (1893-1955) ва Сакина Исабек (1913-1995) оиласида туғилган. 1960-1965 йилларда Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факултетида таҳсил олган.

Рауф Парфининг аждодлари Туркистоннинг маърифатпарвар қатламига мансуб бўлган. Отаси Парфи Муҳаммад Амин форс-тожик, усмонли-турк ва рус тилларини яхши билган.

Шоир Республика Кинематография қўмитаси, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарғибот маркази бош муҳаррири, “Жаҳон адабиёти” журналида етакчи муҳаррир бўлиб ишлаган.

1958 йилда бўлажак шоирнинг илк шеъри Янгийўл тумани "Янгиюл" газетасида босилади.

40 йиллик ижоди давомида Р.Парфининг “Карвон йўли” (1968), “Акс-садо” (1970), “Тасвир” (1973), “Хотирот” (1975), “Кўзлар” (1977), “Қайтиш” (1978), “Сабр дарахти” (1986), “Сукунат” (1989), “Тавба” (2000) каби шеърий китоблари нашр этилган.

Умрининг сўнггида “Минг йил сизни изладимми мен?”, “Дунёнинг энг гўзал аёли” шеърлар туркумини якунлади. Шунингдек, “Йўқолган руҳ” асарини ёзди.

Шоир Байроннинг “Манфред”, Нозим Ҳикматнинг “Инсон манзаралари”, Карло Каладзенинг “Денгиз думаси”, Энвер Селяматнинг “Олтин болта”, Мочаварианининг “Фаоллик” асарларини, А.Дюманинг “Уч аскар” драмасини А.Твардовскийнинг “Хотира ҳуқуқи” китобини, Й.Соловичнинг “Кумуш ит” драмасини ҳамда Б. Брехт, И. Бехер, П. Неруда шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.

Ўлимидан сўнг шоирнинг “Сўнгги видо” (2006) ва “Иймон асири” (2006) шеърий тўпламлари нашр этилди.

Рауф Парфи 1986 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг, 1989 йилда Халқаро Маҳмуд Кошғарий, 1996 йилда Туркия Давлат адабий мукофоти лауреате бўлган. 1999 йилда “Оʻзбекистон халқ шоири” унвони билан тақдирланган.

2005 йил 28 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.

Ёрмамат РУСТАМОВ.