Регистон мажмуаси ўрнида бир пайтлар бозор бўлган

Самарқанддаги тарихий обидаларга гид-экскурсовод билан саёҳат уюштириб, обидаларимизнинг бугунги кўриниши ва унда амалга оширилаётган ишлар ҳақида мақола тайёрлаш учун Регистон мажмуасига йўл олдик.

Регистонга боргач, бизга ҳамроҳ ажратишини сўраб, даставвал мажмуа раҳбари Хонқул Самаровга учрашдик.

Самарқандда яшаб, Регистонни кўрмаганлар бор экан...

- Мажмуага кейинги йилларда маҳаллий сайёҳлар оқими анча ошди, - дейди Х.Самаров. -  Бу ички туризмни ривожлантириш учун берилган имтиёзлар, енгилликлар самараси, дейиш мумкин. Шунингдек, сайёҳлик учун қулай бўлган қўшимча дам олиш кунлари белгиланди. Айниқса, байрамларда аҳолининг турли қатламлари ўртасида ҳокимлик, касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан саёҳатлар уюштирилмоқда. Чекка қишлоқлардан келган аҳоли “Регистонни биринчи бор кўришимиз!”, деб айтишига кўп гувоҳ бўлдим.

Меҳмонларга мажмуани тўлиқ таништиришда гидларнинг алоҳида ўрни бор. Бизда ўн нафар гид ходим фаолият кўрсатиб, бир неча тилда сайёҳларга мажмуа ҳақида маълумот беради. Тарихчи бўлганим боис гидларнинг сайёҳларга тақдим этаётган ҳар бир маълумотига эътибор қаратаман ва уларни тизимли тарзда имтиҳон қилиб тураман. Сабаби, баъзида афсоналарга кўра, деган биргина иборанинг айтилмаслиги туфайли хорижликлар айрим маълумотларни тарихий ҳақиқат деб қабул қилиши мумкин.

Регистон майдонига саёҳатимизда бизга малакали гид мутахассис – Хуршида Файзуллаева ҳамроҳлик қиладиган бўлди.

Мажмуа ўрнида бозор бўлган

- Бу ҳудуддан бир пайтлар Афросиёб шаҳарчасини сув билан таъминлаб турувчи катта ариқ ўтган, - дея Регистон билан бизни таништиришни бошлайди Х.Файзуллаева. - Аммо вақт ўтган сайин бу сув қуриб, ўрнида қумлик пайдо бўлади. Шунинг учун бу жой Регистон, яъни қумлик жой деган ном олган.

Майдондаги биноларнинг учаласи ҳам мадраса – XV-XVII асрларда қурилган  олий ўқув юртлари. XIV асрда ушбу майдон фақатгина бозор вазифасини ўтаган. Амир Темурнинг рафиқаси Туман оқо бу ерда усти ёпиқ бозор қурдирган ва у “Тими телпакфурушон” номи билан машҳур бўлган. Амир Темур вафотидан сўнг Мирзо Улуғбек фан, маърифат, маданият соҳаларига алоҳида эътибор кўрсатган. Шунинг учун 23 ёшида, 1417-1420 йилларда мадраса қурдиради. Мадраса ёнидан эса ҳозирги Тиллакори ҳамда Шердор мадрасалари ўрнида хонақоҳ ҳамда карвонсаройлар қурдирган. Ушбу карвонсаройлардан тушган даромад мадрасада ўқиётган талабаларга мударрислик қилган устозларга берилган. Ушбу бинолар бизнинг кунларгача етиб келмаган. Орадан икки аср ўтиб, ўша пайтда Самарқанд ҳокими бўлган Баҳодир Ялангтўшбий Тиллакори ва Шердор мадрасаларини қурдирган ва Регистон ҳозирги кўринишга келган.

Улуғбек мадрасаси – тўнғич бино

Улуғбек мадрасасининг пештоқи юлдузлар билан безатилган бўлиб,  бу алломанинг астроном эканлигига ишора, икки ёнидаги миноралар қад ростлаган. Миноранинг бири, яъни ўнг томондагиси бироз оғганига эътибор беринг. Самарқандликлар бу минорани “Самарқанд пизаси”, деб ҳам аташади.  Ўтган асрнинг бошларида юз берган зилзила натижасида минора қарийб икки метрга оғган. 1932 йилда мутахассислар томонидан таваккал ишга қўл урилади, технологияларсиз, уни сақлаб қолишга киришилади. Мазкур уриниш муваффақиятли амалга оширилиб, минора тикланади. 1960 йилга келиб, чап минора тикланади.

- Эътибор берган бўлсангиз, мадрасаларга киришда иккита эшик бор, - дея ишора қилади Хуршида Файзуллаева. – Бундан талаба ва устозлар алоҳида-­алоҳида эшикдан кириб-чиққан. Қизиғи, ўнг томон эшик талабалар учун ажратилган бўлиб, “доим ишлари ўнгидан келсин”, деган маънони мужассам этган. Талабаларнинг эътиборини жалб қилмаслик учун мадрасага кириш жуда оддий услубда, қарийб безатилмаган.

Мадраса икки қаватли бўлиб, 56 та ҳужра мавжуд.

Бинонинг иккинчи қавати ўтган асрнинг бошларидаги зилзила оқибатида вайрон бўлган. 1994 йилда Мирзо Улуғбек таваллудининг 650 йиллиги муносабати билан мадрасада йирик таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Мадраса ичкарисида ташкил этилган музейда дарс жадваллари, ўқитиладиган фанлар рўйхати, бобокалонларимиз номига қўйилган кратерлар, Мирзо Улуғбекнинг илмий ишлари, Амир Темур даврига оид бошқа экспонатлар ўрин олган.

Тиллакоридаги “ҳаёт чархпалаги”

Тиллакори мадрасаси майдонда мавжуд мадрасалардан энг чиройлиси деб тан олинган. У ҳам масжид ва мадраса бўлиб, ҳовлиси анча кенгроқ ва бир қаватлидир. Ўтган асрнинг 70-йилларида ичкари қисм қайтадан тўлиқ таъмирланган. Яъни, тилла суви юритилган, рамзий тарзда “Ҳаёт чархпалаги” деб аталувчи ушбу нақшинкор гумбаз эски нақшлари сақланиб қолинган ҳолда ҳозирги кўринишига келтирилган.

Шунингдек, илгари аудитория вазифасини ўтаган залларда ҳозир амалий санъат кўргазмалари намойиш этилади. Бу ерда ҳунармандчилик намуналари ўрин олган.

Шердор мадрасасида нега намоз ўқилмаган?

Шердор мадрасаси эса 1619-1636 йилларда қурилади. Унинг пештоқидаги шер ва йўлбарс аралашмасидаги афсонавий жонивор ҳамда югуриб кетаётган кийик сурати туширилган тасвир турлича талқин қилинади. Мисол учун, баъзи манбаларда бу сурат тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурган юртда кийиклар ҳам эркин сайр қилиб юрибди, шерлар эса давлатнинг мустаҳкамлигини ифодалайди, дейилган. Пештоқида жонивор сурати мавжуд бўлгани учун ушбу бинода намоз ўқилмаган. Шунингдек, баъзи манбаларга кўра, Шердор мадрасаси пештоқига ниманинг тасвирини тушириш бўйича Баҳодир Ялангтўш танлов эълон қилган ва мақбул деб топилган сурат муаллифига пул мукофоти топширилган.

Шердор мадрасасида экспозиция шаклида худди  ўша даврдаги сингари талабалар ҳужраси тайёрлаб қўйилган.

Имконияти чекланганлар учун қулай шароит

Имконияти чекланган инсонлар учун Регистон майдонининг кичик макети ҳам музейлардан бирига қўйилган, кўзи ожиз инсонлар учун брайл ёзувида маълумотлар мавжуд. Макетни ушлаб кўриш орқали у ҳақда тасаввурга эга бўлиш мумкин. Шунингдек, ҳаракатида чекловлар бор инсонлар ҳам майдонни айланиб чиқишлари учун барча имкониятлар яратилган.

Регистон майдонидаги муҳташам обидаларни гид ҳамроҳлигида айланаман десангиз, камида икки соат вақтингиз кетади. Аммо бу вақтга ачинмайсиз, аксинча, бу ерда яна қолгингиз, ҳар бир кошинлар ҳақида билгингиз келаверади. Регистонга бораркансиз, шунчаки, биноларнинг маҳобатидан завқланманг, уни мутахассис билан айланинг, бу сизга нафақат маънан, балки руҳан, жисмонан куч, шижоат беради.

***

2021 йилда вилоятга 120 мингга яқин хорижий ва салкам 2 миллион маҳаллий сайёҳ ташрифи кузатилди. Айтиш керакки, Самарқандга келган меҳмон борки, Регистонни кўрмай кетмайди, Демак, ушбу мажмуа вилоят туризми ривожидаги муҳим иншоотлардан биридир.

Вилоятда бугунги кунда 7123 ўринли 171 та меҳмонхона, 2170 ўринли 227 та оилавий меҳмон уйи, 298 та транспорт воситаси, 192 та туроператор ҳамда 336 нафар гид-таржимон сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилда яна 105 та катта ва кичик меҳмонхона ташкил этилади. Бу орқали вилоятдаги меҳмонхоналарда бир вақтнинг ўзида қарийб 20 минг нафар сайёҳни қабул қилиш имконияти яратилади.

Шунингдек, жорий йилда вилоятимизда ишбилармонлик салоҳиятини намоён этувчи 1300 хонани ўз ичига олган тўрт ва беш юлдузли 8 та меҳмонхона, халқаро конгресс маркази ва кўргазма мажмуалари, тематик хиёбонлар ҳамда “Абадий шаҳар” тарихий мажмуасидан иборат “Самарқанд туризм маркази” ташкил этиляпти.

Гулруҳ МЎМИНОВА.