Республика ишчи гуруҳи ҳал этилмаган мурожаатларни қайта кўриб чиққан
Мурожаатларни ўрганиш борасида 21 та вазирлик ва идора вакиллари томонидан бир ҳафта давомида Самарқанд вилоятида 7 мингда зиёд масалалар қайта ўрганилиб, уларнинг 1,4 мингтаси ижобий ҳал этилган.
Таъкидлаш ўринлики, ушбу ишчи гуруҳига Президент маслаҳатчисининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси раҳбари У.Муҳаммадиев бошчилигида Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари ходимлари, вазирлик ва идоралар масъуллари жалб этилган.
Мутасаддиларнинг асосий эътибори вилоят бўйича аҳолидан энг кўп шикоятлар келиб тушаётган масалаларга тезкорлик билан ечим топишга, танлаб олинган маҳаллаларда “Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларни таҳлил қилишга қаратилган.
Мурожаатларни ўрганиш борасида 21 та вазирлик ва идора вакиллари томонидан бир ҳафта давомида вилоятда 7 мингда зиёд масала қайта ўрганилиб, уларнинг 1,4 мингтаси ижобий ҳал этилган.
Бундан ташқари, Халқ қабулхоналари бошчилигида вилоят, туман, шаҳар секторлари билан 82 та сайёр қабул ташкил этилган. Қабулларда 2 мингга яқин масала кўтарилган. Уларнинг 30 фоизига яқини ижобий ҳал этилиб, қолган қисми ижро учун назоратга олинган.
- Мисол учун, мурожаатлар асосида вилоятдаги жиноят ишлари бўйича судлар томонидан озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 21 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, - дейди Ишчи гуруҳ аъзоси М.Абдусатторов. - 2 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 6 та жиноят иши бўйича 6 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 7 та фуқаролик иши тарафлар ярашганлиги муносабати билан иш юритишдан тугатилган.
Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, кичик бизнес субъектлари даъвогарлигида 10 та иш бўйича жами 949,2 млн сўм тадбиркорлик субъектлари фойдасига ундирилди.
Шу билан бирга, қабулларда келиб тушган мурожаатлар асосида 11 километр ички йўллар шағаллаштирилди, 20 та трансформатор таъмирланди ёки янгисига алмаштирилди, 10 километр узунликда электр тармоғи тортилди, 130 та суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди, 22 тонна кўмир етказиб берилиб, 3 та ичимлик суви иншооти таъмирланди.
Республика ишчи гуруҳи эътибори марказида бўлган яна бир муҳим йўналишлардан бири маҳаллаларда “Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар бўлди.
Самарқанд вилоятида 2024 йил 1-чорак давомида ушбу мезон асосида қурилиш таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб бориладиган 4 та, жумладан, Каттақўрғон туманидаги Мелихўжа, Иштихон туманидаги Қиёт, Паст Дарғом туманидаги Гўзалкент ҳамда Тойлоқ туманидаги Тепақишлоқ маҳаллалари танлаб олинган.
Дастур доирасида аҳолини узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 1,5 минг тоннага яқин қўшимча суюлтирилган газ етказилди, 17 км электр тармоғи тортилди ҳамда 623 та темир-бетон устунлар ўрнатилди, 15 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди, 54 км ички йўллар шағаллаштирилди, 7 км ичимлик суви тармоғи тортилди, 8 та ичимлик суви насослари янгисига алмаштирилди, 2 та сув минораси таъмирланди, тизимдаги носозликлар бартараф этилди. Коммунал, қурилиш соҳасида жами 31 та кўп қаватли уйларда ва 2 та иссиқлик қозонхоналарида таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маҳаллалар аҳолиси учун тиббий кўриклар ташкил этилди. Натижада, 337 нафар беморга амбулатор шароитда даволанишга тавсия берилди, 103 нафар беморга туман, шаҳар ва вилоят муассасаларида даволаниш ва текширувлар учун йўлланма берилди.
1 минг 300 нафар фуқарога бандлик масаласида амалий ёрдам берилди. 661 фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 202 нафари жамоат ишларига жалб этилди, 366 фуқаро касб-ҳунарга ўқитишга жалб этилди. Тижорат банклари томонидан 35 нафар фуқарога 334 млн сўм миқдорида кредитлар ажратилиши таъминланди.
Маҳаллалар ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик суҳбатлар ва чора-тадбирлар натижасида 85 та оила яраштирилди.