Республикамизнинг ёш олим, талаба ва магистрлари Самарқандда йиғилди

Самарқанд давлат университетида Мирзо Улуғбек таваллудининг 625 йиллиги муносабати билан “Мирзо Улуғбек илмий меросининг замонавий астрономия фани ва таълим равнақидаги роли” мавзусида республика ёш олим, талаба ва магистрларнинг 9 илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Тадбирда Самарқанд давлат университети ректори Р.Холмуродов, Ўзбекистон Фанлар Академияси Астрономия институти директори, академик Ш.Эгамбердиев фалакиёт илмининг султони жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси, астрономия фанидаги улкан кашфиётлари, авлодларга қолдирган бебаҳо мероси хусусида сўз юритишди.
– Ўзбекистон Фанлар Академияси Мирзо Улуғбекнинг астрономия фанидаги бетакрор тадқиқотларини ўрганиш, ёшлар ўртасида тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда, – дейди Ш.Эгамбердиев. – Хусусан, Самарқанд, Андижон давлат университетлари, Ўзбекистон Миллий университети каби таълим муассасаларида ўқув-илмий расадхоналар ташкил қилинди ва улар замонавий телескоплар билан жиҳозланди. Шунингдек, ҳар йили республика олий таълим муассасаларида таълим олаётган иқтидорли талабалар ва ёш олимлар учун илмий конференция ва семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда. Жорий йилда буюк бобомиз яшаган, ишлаган, мадраса ва расадхона қурган Самарқандда ташкил этилиши ҳам иштирокчиларнинг амалий тажрибасини оширишга хизмат қилади.
Икки кун давом этадиган анжуман доирасида талаба ва ёш олимлар Самарқанд давлат университети “Астрономия илмий-ўқув маркази”даги оптик кўзгусининг диаметри 48 сантиметр бўлган Грабб-Парсонс телескопида осмон жисмларини кузатади, олинган тасвирларни таҳлил қилади ва дунёнинг бошқа расадхоналаридаги натижалар билан таққослайди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари ва диққатга сазовор жойларини томоша қилишади.