Туғилган кунга муносиб туҳфа: Мирзо Улуғбек музей-мажмуасининг каталоги нашр этилди
22 март куни буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудига 628 йил тўлди. Шу муносабат билан Мирзо Улуғбек музей-мажмуасида олим таваллуди муносиб нишонланди. Тадбирда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси, шаҳримиздаги мактаблар ва аҳоли вакиллари иштирок этиб, Мирзо Улуғбек ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек таваллудининг 628 йиллиги арафасида Мирзо Улуғбек музей-мажмуасининг каталоги ҳам нашр қилинди. Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси томонидан чоп этилган ушбу каталог тарихчилар, музейшунослар ва кенг жамоатчилик учун мўлжалланган.
Каталог кириш сўзи билан бошланиб, унда шарқ дунёсида IX-XII асрларда бунёд қилинган дастлабки расадхоналар Ал-Хоразмий фаолият олиб борган Бағдод ва Дамашқ расадхоналари, Умар Хайём фаолият кўрсатган Исфахондаги расадхона, Носируддин Тусийнинг Мароғадаги (Табриз яқинида) расадхонаси тарихига тўхталиб, ушбу илм масканларида эришилган фан ютуқлари Мирзо Улуғбек томонидан қунт билан ўзлаштирилганлигига тўхталиб ўтилган.
ХV асрда Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги йилларида Самарқандда тўпланган кўплаб олимларга Улуғбек томонидан ҳомийлик қилиниб, улар билан биргаликда ўша давргача ёзилган илмий асарларнинг ўрганилиши, уларга шарҳлар ёзилиши ва натижада янада аниқ маълумотлар олиш имконини берадиган, олдингиларидан афзалроқ ва аниқроқ қурилмаларга эга бўлган янги расадхона қуриш эҳтиёжи пайдо бўлганлиги урғуланган.
Натижада ўз даврининг йирик алломаларидан “Афлотуни замон”, мавлоно устод Салоҳиддин Мусо Қозизода Румий, ўз даврининг “Птоломейи” – Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид Коший, машҳур олим Муйиниддинлар ҳамроҳлигида 424-1428 йилларда “Улуғбек расадхонаси” деб ном олган иншоотнинг бунёд этилиши, Мирзо Улуғбек ва унинг жамоаси бу расадхонада самарали илмий фаолият олиб бориб, бу ерда Мирзо Улуғбекнинг дунёга машҳур “Зиж”и яратилганлиги манба ва адабиётларга таянган ҳолда очиб берилган.
Каталогда, шунингдек, Мирзо Улуғбек вафотидан кейин қаровсиз қолган ва аста-секин бузилиб, харобага айланган, вақт ўтиши билан аҳоли ва дунё томонидан унутилган расадхона ўрнининг аниқланиши, бу ерда олиб борилган археологик қазишмалар натижасида топилган ашёларнинг тавсифи ҳам келтирилиб, расадхонанинг ўз давридаги кўриниши хусусидаги илмий фаразларга ҳам тўхталиб ўтилган. Ўзбекистон ҳукуматининг 1963 йил 18 февралдаи 100-сонли қарори билан 1964 йилда Мирзо Улуғбек расадхонаси ёнида “Мирзо Улуғбек мемориал музейи” ташкил этилганлиги, унинг бўлажак экспозициясини яратишда машҳур ўзбек археологи Я.Ғуломов билан бирга В.Шишкин, Т.Н.Қори-Ниёзий, М.Е.Массон, Г.А.Пугаченкова, Г.А.Щегловлар қатнашганлиги кўрсатиб ўтилган.
Мустақиллик йилларида Мирзо Улуғбек тимсолига катта эътибор берилди. Хусусан, 1994 йилда Ўзбекистон ва Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги катта тантаналар билан нишонланди. Каталогда шу ва 2009 йилнинг БМТ томонидан “Астрономия йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Мирзо Улуғбек таваллудининг 615 йиллиги Самарқандда ва Парижда кенг нишонланиши, 2009 йил “Майданак” расадхонасида янги кичик сайёра кашф этилиб, унга АҚШдаги кичик сайёраларни ўрганиш маркази томонидан Мирзо Улуғбек расадхонаси шарафига “Самарқанд” деб ном берилиши, Самарқанд, Бухоро, Ғиждувон каби тарихий шаҳарларимизда Мирзо Улуғбек номи билан боғлиқ бўлган меъморий обидалар, қадамжолар таъмирланиб, обод қилинганлиги, Ўзбекистон миллий университетига, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига, Фарғона давлат университетига, Китоб кузатув кенглик станциясига Мирзо Улуғбек номи берилганлиги ва ниҳоят 2010 йилда музей биноси янги кўринишда қад кўтарганлиги келтириб ўтилган.
Каталогдаги музей экспонатлари 6 та бўлимга ажратилиб, уларнинг тавсифлари 3 тилда (ўзбек, инглиз, рус) келтирилган.
Ушбу бўлимлар “Амир Темур ва Темурийларнинг жаҳон тарихидаги ўрни”, “Мирзо Улуғбек Темурийлар сулоласининг етук намояндаси”, “Мирзо Улуғбекнинг маънавий маърифий соҳада амалга оширган ишлари”, “Мирзо Улуғбекнинг астрономия мактаби”, “Мирзо Улуғбек ҳақида дунё эътирофи”, “Буюк шахсга эҳтиром” каби бўлимларда иборат.
Каталогни яратишда А.Абдураҳмонов, Азамат Зиё, Ю.Алексеров, Ашраф Аҳмад, Б.Тўраев, В.Бартольд, М.Булатов, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, М.Мамадазимов, К. Новоселова, А.Ўролов, М.Ҳожихонов, Т.Файзиев каби олимларнинг асарларидан фойдаланилган.
Ўйлаймизки, Мирзо Улуғбек таваллудининг 628 йиллиги арафасида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси илмий ходимлари томонидан чоп этилган ушбу каталог илмий жамоатчиликка, музейшунослар ва тарихчиларга, қолаверса, Мирзо Улуғбек музей-мажмуасига ташриф буюрган ҳар бир сайёҳга манзур бўлади.
М.Юнусов,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори ўринбосари.