Маданиятга эҳтиёж бор, эътибор-чи?

Ёхуд тадбирлардаги тизимсизлик қачон барҳам топади?
Кейинги йилларда Самарқанд халқаро даражадаги нуфузли анжуман, фестиваль ва бошқа тадбирларга мезбонлик қилмоқда. Бу ҳудуднинг халқаро майдонда маданий ва туристик марказ сифатидаги мавқеи ошиб бораётганини англатади. Расмий тадбирлардан ташқари, вилоят миқёсидаги оммавий тадбирлар сони ҳам ошди. Афсуски, ушбу тадбирларнинг савияси, мазмуни ва аҳамияти пасайиб бораётгандек.
Айниқса, тадбирларнинг ўз вақтида бошланмаслиги, ҳисобот учун ташкил этилиши, масъул шахслар ва соҳа вакилларнинг кечикиши ёки умуман келмаслик ҳолатлари кўп учрамоқда. Баъзан бундай ҳолатлар ҳақида олдиндан на огоҳлантириш бўлади, на расмий муносабат берилади. Бу бир томондан, тадбирни ташкил этувчи ташкилот ва мутасаддиларнинг ўз ишига бўлган муносабатини билдирса, иккинчидан, жамоатчиликка нисбатан ҳурматсизлик эмасми?
Кузатувларимизга кўра, оммавий тадбирларни юқори савияда ташкил этишда етарлича тайёргарлик кўрилмаётганининг асосий сабабларидан бири маҳаллий ҳокимликлар ва маданият муассасалари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилмаганидир. Аксарият ҳолларда турли ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари ёки касб, юбилей байрамларини ўтказишда маданият бўлимларига медиа-аппаратлар, санъаткор ва бошловчиларни жалб қилиш вазифаси юкланади.
Бу эса маданият ва санъат ходимларининг бошқа ташкилотлар учун бепул хизмат кўрсатишига олиб келади ва уларнинг норозилигига сабаб бўлади. Ваҳоланки, давлатимиз раҳбарининг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ташкилотларнинг буюртмалари асосида кўрсатиладиган барча маданий хизматлар тузилган шартномалар орқали ва ҳақ тўлаш эвазига амалга оширилиши белгиланган.
– Ҳудудларда ташкил этиладиган давлат ва бошқа оммавий-маданий тадбирлар туман ҳокимияти, вилоят маданият бошқармаси ҳамда туман маданият бўлими томонидан тасдиқланган календарь-режа асосида ташкил этилади, – дейди Иштихон туман маданият бўлими бошлиғи Дилмурод Абдуллаев. – Бунда маданият ходимларининг хизматлари учун шартнома асосида ҳақ тўланиши, мусиқий асбоб-ускуналар ижараси кўрсатилиши назарда тутилган. Аммо юбилейлар, касб байрамлари, сайёр қабуллар ва расмий кутиб олиш тадбирларига ходимлар жалб этилса-да, кўпинча шартнома тузилмайди ва ҳақ тўланмайди.
Вилоят мусиқали драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Раҳимов ҳам бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– 46 йиллик фаолиятимдан келиб чиқиб айтишим керакки, кейинги пайтда кўплаб тадбирлар режасиз, савиясиз ва номигагина ташкил этиляпти, – дейди Бахтиёр Раҳимов. – Масалан, бизга олдиндан хабар берилмаган тадбирга спектакль қўйиш ёки саҳна кўриниши намойиш этиш сўралади. Бундай шароитда тайёргарликсиз саҳнага чиқишга мажбур бўламиз. Бу эса томошабинларга ҳам, ижодкорларга ҳам салбий таъсир қилади. Фикримча, тадбирларни мақсадли, ўз вақтида ва тартибли ўтказиш учун ҳар бир ташкилотда масъул шахс бириктирилиши, аниқ дастур ва режа ишлаб чиқилиши, иштирокчилар тадбирга киритилган ўзгаришлар ҳақида олдиндан хабардор қилиниши зарур.
Вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ботир Шайматовнинг маълум қилишича, тизимдаги ушбу муаммоларни бартараф этиш, халқимизнинг бой маданий меросини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, оммавий тадбирларни самарали ташкил этиш ҳамда ижодий жамоаларнинг имкониятларини кенгайтириш мақсадида вилоятда махсус тузилма – “Оммавий-маданий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш дирекцияси”ни ташкил этиш режалаштирилган.
– Ушбу дирекция орқали барча тадбирлар аниқ режа асосида ташкил этилади ва хизмат учун ҳақ тўлаш механизми йўлга қўйилади, – дейди Б.Шайматов. – Дирекция корхона ва ташкилотлар билан шартнома тузиш, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва иншоотларни ижарага олиш ёки бериш, нарх белгилаш, ижодий кечалар, концерт-томошалар ҳамда хорижда гастроллар уюштириш, иқтидорли ёшлар ва маданият муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш каби вазифаларни амалга оширади.
Оммавий-маданий тадбирларни самарали ва юқори савияда ташкил этиш учун тизимли ёндашув, аниқ режа, масъулият ва ҳақ тўлаш тартиби қонунга мувофиқ йўлга қўйилиши керак. Шунингдек, маданият ва санъат соҳаси ходимларининг меҳнатини қадрлаш, уларни рағбатлантириш ва моддий қўллаб-қувватлаш нафақат соҳа ривожи, балки жамиятда маънавиятнинг юксалишига ҳам хизмат қилади. Янги ташкил этиладиган дирекция фаолиятини эса кузатамиз – вилоятда маданий ҳаётни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтара олармикан?
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.