Россия империяси даврида Самарқанд (2-мақола)

Самарқанд вилоятини 1886 йилдан 1917 йилга қадар 8 та губернатор бошқарган бўлиб, ўрта ҳисобда уларнинг ҳар бирига 3-4 йил муддатдан тўғри келган. Архив ҳужжатлари бу губернаторлар - А.Яфимович, Н.Ростовцев, М.Федеров, В.Мединский, А.Гаскет, А.Галкин, Н.Ликошин кабиларнинг фаолиятига оид кенг маълумотлар беради. Уларнинг барчаси маълумотли, зодагон дворянлар бўлган. Вилоят ҳарбий губернаторларининг маоши 15 минг рублгача бўлиб, бу марказий Россиядаги губернаторларникидан 2 баробар кўп эди.

Самарқанд вилояти бошқармаси қуйидаги штатлардан иборат бўлди:

1) Вилоят бошқармаси раиси (шунингдек, ҳарбий губернатор ёрдамчиси); 2) Маслаҳатчилар (бўлим бошлиқлари); 3) Иш юритувчилар; 4) Иш юритувчиларнинг ёрдамчилари; 5) Бухгалтер; 6) Таржимон.

Вилоят бошқармаси раиси, шунингдек, ҳарбий губернатор ёрдамчиси ҳисобланган. У ҳарбий губернатор тоби қочган, йўқ бўлган ёки бўшатилган ҳолларда унинг хизмат вазифасини бажарган. Губернатор ёрдамчиси генерал-губернатор тақдимномаси орқали ишга тайинланган.

Самарқанд вилояти бошқармаси вазифасига қуйидагилар кирган:

- вилоятни маъмурий бўлиш ва ташкил этиш;

- ҳукумат қонун ва фармойишларини эълон қилиш;

- амалдорларни ишга тайинлаш, ишдан четлатиш ва меҳнат таътили бериш, мукофотларга такдим этиш, нафақа ва маош белгилаш, мансабдор шахсларни судга топшириш;

- чет элликларни фуқароликка қабул қилиш;

- аҳоли ўртасида ерни тақсимлаш;

- вилоятда оброк (Чор империяси даврида пул тарзида олинган йиллик йиғим) бўлимларини бошқариш;

- вилоятда ярмарка ва бозорларни таъсис этиш;

- вилоятнинг статистик маълумотларини тўплаш-маҳаллий аҳолидан солиқ ва тўловларни олиш;

- фуқаролик ва жиноят ишларини судда кўрилишга тайёрлаш - махфий ва крепостнойлик ҳужжатларини тузиш;

- вилоятдаги барча савдо ва пудратларни юргизиш, шартномалар тузиш.

Шунингдек, вилоятда мавжуд бўлмаган махсус муассасаларни бошқариш ҳам вилоят бошқармасига юкланган эди. Булар губернатор девонхонаси, губерня врачлик маҳкамаси, давлат мулки палатаси, округ судлари ва ҳоказо.

Булардан ташқари, тиббий назорат вилоят врачига юкланган. У губерня врачлиги назоратчиси ҳуқуқларидан фойдаланган ва бевосита ҳарбий губернаторга бўйсунган.

Вилоят бошқармаси қошида ирригация ишларини бошқарувчи амалдор бўлиб, асосий суғориш каналлари, суғориш ариқларига қўшимча бўлган ва улардан ажралиб чиқувчи суғорувчи каналлари, сув ўтказгичларини назорат қилиш, янги иррагация иншоотларини, мавжуд иншоотларни яхши тутиш, таъмирлаш ва қайта қуришда техник кўрсатмалар берган.

Туркистон ўлкасида ерларни ташкил этиш зарурати билан боғлиқ равишда Самарқанд вилояти бошқармаси қошида чегара белгилаш бўлими ҳам ташкил этилган.

Хўжалик, молиявий, ссуда масалалари умумий бошқарув иштирокидаги мажлисларда муҳокама қилинган. Мазкур масалаларга масъул маслаҳатчи ва амалдорлар генерал-губернатор томонидан ишга тайинланган ва ишдан олинган. Юқоридагиларнинг барчаси вилоят бошқарувидаги ташкилот ва таркиблари эди.

Вилоятлар ўз навбатида, туманларга (уездларга) бўлиниб, уларни туманбошилар идора қилган. Ҳар бир туман ўз таркибидаги шаҳар ва қишлоқлар билан туман ҳокими - туманбошига бўйсунган. Туманбоши шунингдек, уезддаги ҳарбий қўшинларни ҳам бошқарган. Уезд бошлиқлари вилоят ҳарбий губернаторларининг тақдимномасига кўра, генерал-губернатор томонидан тайинланиб, ишдан олинган. Уезд бошлиқлари рус армияси катта зобитларидан, асосан, майор, ротмистрдан то полковник унвонигача бўлганлардан тайинланган. Уезд бошлиғи бир вақтнинг ўзида исправник, полицмейстр, земство бошлиғи, шаҳар ҳокими, ер-солиқ хизмати раиси ҳам эди.

Уезд бошқарувининг шахсий таркибига уезд бошлиғидан ташқари унинг ёрдамчилари ва девонхона ходимлари ҳам кирган. Уезд бошлиғи қошида девонхона бўлиб, уни маъмурий ишлар бўйича ёрдамчи бошқарган.

Уезд маъмурияти зиммасига ғазна-оброк ишларини назорат қилиш, солиқларни ҳисоблаш, ички тартибни кузатиш, ер-сув туфайли келиб чиққан низоларни ҳал қилиш, уездни, волост ва қишлоқ маъмуриятлари фаолиятини назорат қилиш борасидаги кўп сонли ишларни бошқариш юкланган. Айниқса, бу борада уезд бошлиқларига волость бошқарувчилари ва қишлоқ оқсоқолларига бошқарув борасидаги мажбуриятлари, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаб, фаолият олиб бориш юзасидан қаттиқ талаб қўйилган.

Жумладан, уездларда ер-солиқ маҳкамаси тузилган бўлиб, бу маҳкама уезд бошлиғи вакиллигидан иборат бўлиб, солиқ инспектори, уезд давлат мулки бошлиғи, уезд бошлиғи ёрдамчиси ва уезд ер ўлчови назоратчиларидан ташкил топган. Ер-солиқ маҳкамаси вазифасига қуйидаги ерлар тўғрисида маълумот тўплаш кирган:

  1. Ўтроқ қишлоқ аҳолисига биркитилган ерлар;
  2. Вақф ваколатхонасига қарашли ерлар;
  3. Хусусий ер эгалари;
  4. Рус қишлоқлари, шунингдек, истеъфодаги ва захирадаги қуйи амалдорларга ажратилган ерлар.

Шаҳарлар бошқаруви вилоят бошқаруви назоратида бўлиб, «1867 йил Низоми»га кўра, жамоат - хўжалик ишлари шаҳарда сайланувчи маҳаллий маъмурият томонидан амалга оширилган. Шаҳарлар қисмларга бўлиниб, уларни оқсоқоллар бошқарган. Улар маҳаллалардан тайинланган сайловчилар қурултойи томонидан сайланган. Маҳаллий маъмурият (оқсоқол, элликбоши) 3 йил муддатга сайланган. Шаҳар оқсоқоллари солиқ йиғиш ва мажбуриятларни тақсимлаш билан шуғулланган. Улар ҳарбий губернаторлар томонидан тайинланувчи ва шаҳар доирасида полиция хизматини бошқарувчи катта оқсоқолга бўйсунган. Катта оқсоқолга барча қуйи полиция амалдорлари-миршаблар, мироблар ва қозилар бўйсунган. Уларнинг барчасига шаҳар аҳолисидан йиғилувчи маблағ ҳисобидан маош тўланган.

Уездлар участка (жабҳа)ларга бўлиниб идора қилинган. Самарқанд вилояти 11 та участкага бўлинган. Участкаларни кичик унвондаги ҳарбий зобитлар бошқаришган. Улар участка приставлари номи билан юритилиб, вилоят бошқармаси қарори билан генерал-губернатор томонидан тасдиқланган.

Участка приставлари «ҳарбий - халқ бошқаруви»даги ҳарбий бўғиннинг энг қуйиси бўлиб, уларга «маҳаллий ўз-ўзини бошқарув», яъни «халқ бошқаруви» амалдорлари - волост бошқарувчилари, қишлоқ оқсоқоллари, юзбоши ҳамда элликбошилар бўйсунган. Улар солиқ йиғиш, мажбуриятлар, уезд бошлиқлари чиқарган қарорлар ва кўрсатмаларнинг жойларда бажарилишини ҳамда участкалардаги аҳолини назорат қилиш билан шуғулланган.

Уезд бошлиғи, уларнинг ёрдамчилари ва участка приставлари ҳудудда қонунни бузган, маъмурий тартибсизлик қилган маҳаллий аҳолига жарима солиш ва жазолаш ҳуқуқига эга эди. Уезд бошлиқлари қўл остидаги исталган кишини 7 кундан ортиқ ҳибсда ушламаслиги ва 15 рублдан зиёд пул ундирмаслиги ва шунингдек, уезд бошлиқлари ёрдамчилари ва участка приставлари ҳам исталган кишини 5 кундан зиёд ҳибсда ушламаслиги ва 5 рублдан зиёд пул ундирмаслиги лозим эди. Ундирилган пуллар асосий капитал сифатида Самарқандда қамоқ жойларини тартибга солиш воситаларини кучайтиришга сарфланган.

Айтиш жоизки, мустамлака даврида бошқарув тизимидаги маъмурларга давлат ғазнасидан маош белгиланган. Мансабдор шахслар ўз навбатида, эгаллаган ижтимоий мавқеига қараб разрядларга бўлинган ва шунга мувофиқ маош белгиланган. Масалан, Зарафшон округи бошлиғи маоши - 5000 рубль миқдорида белгиланган. Унинг фавқулодда сарф-харажатларига - 6000 рубль ажратилган. Агар округ бошлиғи бирон бир мансабни эгаллаган бўлса, унда у оладиган маош миқдорига қўшимча оклад билан биргаликда 5000 рублга тенг микдорда маош тайинланган.

Қуйидаги жадвалда, уезд бошқарувидаги амалдорлар штатига эътиборни қаратсак:

2.3-жадвал.

Лавозимлар

Разрядлар ва маошлари (рубль)

I

II

III

IV

Уезд бошлиғи

4000

3700

3450

3200

Уезд бошлиғи ёрдамчиси

3300

3000

2700

2400

Участка пристави

2400

2200

2000

1800

Унинг ёрдамчиси

1800

1600

1400

1200

Уезд полицияси хизматидаги кичик унвондаги киши

1200

1040

880

720

От қоровули

720

680

640

600

Пиёда соқчи

600

560

520

480

Бунда турли рязряддаги амалдорларга ҳар хил миқдорда маош белгиланган бўлиб, бу уларнинг ҳарбий унвони даражаси, мавқеи, обрўйини билдирган. Лекин бу қуйи бошқарув тизимидаги маҳаллий вакилларга мутлақо тегишли эмасди. Яъни, уларга бюжетдан маблағ ажратилмасди. Уларга (оқсоқоллар, раислар, закотчилар, қозилар, бийлар) ҳақ тўлаш турли даражадаги йиғинларнинг қарори билан белгиланар ва тўла-тўкис аҳолининг зиммасига юкланарди.

Чор ҳукуматининг бошқарув борасидаги сиёсати ҳақидаги фикримизни давом эттириб, «маҳаллий ўз-ўзини бошқарув» тўғрисида тўхталиб ўтамиз. Чор ҳукумати сиёсий нуқтаи назардан келиб чиқиб, қишлоқ, унинг бошқарувини маҳаллий ва рус бошқаруви сифатида ажратиб, уни аста-секин умумимперия туридаги русча идорага ўтказишни кўзлади. Шу мақсадда Ўрта Осиёга мутлақ ёт бўлган географик ислоҳотни бошлаб, волость, қишлоқ йиғини кабиларни жорий қилди. 1867 йилдаги «Туркистон генерал-губернаторлиги вилоятларни бошқариш ҳақидаги Вақтли Низом лойиҳаси» деб аталган қонунлар мажмуасига кўра, кўчманчи аҳолига икки босқичли (волост ва овуллар) ўтроқ аҳолига эса бир босқичли (оқсоқолликлар) бошқарув тизими жорий қилинди.

Кўчманчи аҳоли ҳар бир уездда волостларга, волостлар эса овулларга бўлинган. Волость асосининг 1 мингдан 2 мингтагача ҳовли ёки ўтовдан, қишлоқ ёки овул жамоалари 200 та ҳовли ёки ўтовдан иборат бўлиши белгилаб қўйилди. Маъмурий ва полиция ҳокимияти волость бошқарувчилари ва овул оқсоқоллари қўлида бўлиб, улар уч йил муддатга сайланган. Волость бошқарувчиси ва аминлар ҳарбий губернатор томонидан тайинланган. Фақатгина баъзи ҳолларда уезд бошқарувчиси волость бошқарувчисини ҳарбий губернаторга тақдимнома етказиш орқалигина четлатилиши мумкин эди. Шунингдек, қишлоқ оқсоқоли ва унинг ёрдамчиси ҳам, уезд бошлиғи томонидан ишдан бўшатилган.

Вилоятларнинг ўтроқ аҳолиси учун маъмурий ва полиция хокимиятини қишлоқ оқсоқоли бошқариб, у аҳоли томонидан уч йилга сайланар, уларнинг номзодлари ҳам рус маъмурияти томонидан тасдиқланарди. Умуман, волост бошқарувчилари, қишлоқ оқсоқоллари ва уларнинг ёрдамчилари ҳалқ сайлови билан 3 йил муддатга сайланган.

Сайловчилар йиғинида ҳар ўн хонадон ёки ўн ўтовдан вакил иштирок этиб, улар ўнбоши сифатида қишлоқ оқсоқоли ёки овул старшинаси ҳамда уларнинг муовинларини сайлашган. Волость бошқарувчиси - мингбошини эса ҳар 50 хонадон ёки 50 ўтовдан тайинланган вакиллар - элликбошилар йиғини сайлаган. Бу тартибга 1886 йилда бир неча ўзгаришлар киритилган. 1886 йилда кучга кирган янги қонунлар мажмуаси - «Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақидаги Низом» ўтроқ аҳолининг бир босқичли бошқарувини икки босқичлига айлантириб, оқсоқолликларни волостларга бирлаштирди. Овул жамоалари ва оқсоқолликлар вакиллари йиғини умумсайловчилар йиғинига ҳар 50 хонадондан вакиллар сайлаш билан ўзгартирилган.

Шокир ҒАФФОРОВ,

тарих фанлари доктори, профессор.

(Давоми бор).