Хатайликлар Самарқандни зиёрат қилди

Юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш ва Наврўз байрами тантаналарида қатнашиш учун қардош Туркия Республикасининг Хатай вилоятидан ташриф буюрган меҳмонлар бугун Самарқандга келди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил январь ойида Туркия Республикасига расмий ташрифи чоғида Хатай вилоятининг Арсуз туманида “Ўзбекистон” турар-жой мажмуасининг очилиш маросимида туркиялик қардошларни, хусусан, Хатай аҳолиси вакилларини юртимизга саёҳат ва Наврўз байрамига таклиф этган эди. 

Ана шу таклиф асосида юртимизга келган ва дастлаб Андижонда меҳмон бўлган Хатай вилояти вакиллари бугун Самарқанд халқаро аэропортида халқимизга хос меҳмоннавозлик билан кутиб олинди.

Хатайликлар Самарқанд шаҳридаги Наврўз тантаналарида иштирок этди. Байрам муносабати билан Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида ташкил этилган сайилда миллий анъана ва қадриятлар, халқ оғзаки ижоди ва фольклор санъати, миллий таомлар кўргазмалари, спорт мусобақалари ва қадимий халқ ўйинларини томоша қилди.

Самарқандга саёҳат давомида хатайликлар вилоятимиздаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор масканларда ҳам бўлади.