Россияда 332 минг ўзбекистонлик ноқонуний юрган фуқаро бор

Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой Ҳамдўстликнинг Парламентлараро ассамблеяси йиғилишида айтиб ўтган. У йиғилишда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги МДҲ мамлакатларидан Россияда ноқонуний юрган фуқароларини жорий йилнинг 15 июнигача олиб чиқиб кетишни талаб қилди, дея хабар беради ria.ru.

Россия ИИВ маълумотларига кўра, бугунги кунда Россияда Ўзбекистондан 332 мингдан зиёд, Тожикистондан 247 минг, Украинадан 152 минг, Озарбайжондан 120 минг, Қирғизистондан 115 минг, Арманистондан 61 минг, Молдовадан 56 минг, Қозоғистондан 49 минг ноқонуний муҳожир бор.

Хабарга кўра, 2021 йилнинг 15 июнигача коронавирус пандемияси сабабли жорий қилинган муҳожирларни чиқариб юборишга мораторий мавжуд. Шу вақтгача ноқонуний юрган муҳожирлар Россияни санкцияларисиз тарк этиши мумкин.

 “Агар биз ушбу рақамни 15 июнга қадар олиб ташламасак, Президент фармонида назарда тутилганидек, бу одамлар мамлакатдан чиқариб ташлаш ва чегараларни улар учун ёпилиши билан жазоланади. Ўз давлатларингизда оммавий ахборот воситалари, блогерлар билан ишлаш орқали ташвиқот ишларини олиб боришингизни истардим”, дейди Горовой.