Россиялик туризм соҳаси вакиллари Самарқандга келди

«Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети тасарруфидаги Туризм академиясида вилоят туризм бошқармаси масъуллари, турагентлар, гидлар ҳамда россиялик туризм соҳаси вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Унда халқаро туризмни ривожлантириш истиқболлари, Самарқанд ва Россиянинг Самара, Москва, Ростов вилоятлари билан туризм алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

- Учрашувдан кўзланган асосий мақсад - туризмнинг янги йўналишларини жорий этиш ва  ривожлантириш, - дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов. – Жумладан, вилоятимизда экотуризм, мототуризм ва тиббиёт туризмини янги босқичга олиб чиқиш ва туризм имкониятларини кенгайтириш мақсадида россиялик ҳамкорларимиз билан йўл хариталари ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш борасида келишиб олдик.

- 2018 йилда Самарқандга илк марта келган эдим, - дейди Россиянинг Самара вилояти думаси депутати Роман Балтер. – Рости, кейинги беш йилда бу ерда амалга оширилган ўзгаришлар мени ҳайратлантирди. Самарқанд тарихий шаҳар ва Ўзбекистоннинг туризм пойтахти. Айнан шунинг учун ҳам биз самарқандлик туризм соҳаси экспертлари ва тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиб, соҳада кадрлар тайёрлаш, туризмнинг янги йўналишларини биргаликда ривожлантиришни мақсад қилганмиз.

Тадбир якунида Самарқанднинг туризм салоҳияти намойиш этилди.