Йўлдош Эшбек: "Виждон, бу хатодан улғайган азоб"

Ўтган асрнинг 70-йиллар авлоди публицистик паффосининг юқорилиги, замон ва маконни янгича идрок қилиши билан шеъриятимизни янгилай олди. Мазкур авлодга мансуб жасоратли шоир Шавкат Раҳмон “шеърият жангчиси”га айланган бўлса, унинг истеъдодли тенгдошларидан бири Йўлдош Эшбек ўзига хос бетакрор шеърияти билан муносиб ўринга эга бўлди.

Йўлдош Эшбек ижодининг тадрижига назар солар эканмиз, дунёвий мавзулардан руҳоний мавзулар сари юксалиб борганининг гувоҳи бўламиз.

Шоир дастлаб “Йиғлаётган қиз” манзумаси билан кенг адабий жамоатчилик ва шеърият мухлисларининг эътиборини қозонди. Адабиётшунос Абдумурод Тиловов Йўлдош Эшбекнинг “Йиғлаётган қиз” китобига ёзган “Шеър бағрида эзгулик бордир” мақоласида “Шоир Йўлдош Эшбек бу шеърида дунёни йиғлаётган қизга ўхшатади. Бу ўзига хос янги шиор, оҳорли ташбеҳдир”, деб алоҳида таъкидлаган.

Юксак публицистик паффос билан йўғрилган мазкур шеърда шоир йиғлаётган қиз тимсолидаги дунёнинг хароб ахволидан росмана изтиробга тушади, унга қўшилган ҳолатда кўзёш қилади. Шунингдек, фақат бу билан кифояланиб қолмасдан иллатларга қарши мардона курашга чорлайди.

Филология фанлари доктори Сувон Мели таъбири билан айтганда, “йиғлаётган қиз” ибораси ва, айниқса, “Мен сени севаман, йиғлаётган қиз” мисраси таъсирида йиғининг инсон ҳаётидаги ўрни, унинг сири ва гўзаллиги (ҳа, ҳа гўзаллиги) ҳақида чексиз хаёллар суриш мумкин. Йиғи фақат ожизлик ва нотавонлик эмас, қандайдир сеҳрли бир куч. Бежиз шоиримиз йиғлаётган қизга “Мен сени севаман” демайди”:

Йиғламоқ тиларман, қайнаб йиғлагин,
Тишларингни секин қайраб йиғлагин!
Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Паймонанг тўлгунча, тўйгунча йиғла!

Шоир бу шеърида виждонсиз одамлардан шикоят қилиш баробарида “виждон” атамасига аниқлик киритади:

Виждонсиз номусли ниқобин қўймас,
Виждоннинг ҳар дами руҳий изтироб.
Виждонсиз хатосиз кунлардан тўймас,
Виждон, бу хатодан улғайган азоб.

Муқаддас китобларда бутун олам Яратганнинг қудратли биргина сўзи билан яралгани таъкидланади. Бинобарин, шоирлар ҳам сеҳрли калом воситасида оламни гўзал, инсониятни эса баркамол кўриш учун тер тўкадилар.

Йўлдош Эшбек ўз истеъдоди билан сўзларга қанот бахш этади ва унинг мисралари дафъатан лочин каби юксакларда парвоз қила бошлайди:

Қайғуларга чек қўйиб бир зум –
Руҳимда тирилар ул қўшиқ:
“Биз бахтиёр бўлгаймиз хўб,
Бизни зафар қучажак!
Тепамизда чарх уришиб
Қалдирғочлар учажак!”

Шоирликда меҳнат эмас, балки истеъдод ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлаган Йўлдош Эшбек “Лўли қиз қўшиғи” манзумасида олам ва одам феъл-атворидаги нуқсонларни аёвсиз фош қилади:

Арзимас матоҳ – дунё,
қисқа бир мотам – дунё,
Биз дунёни алдаймиз,
айёр, бири кам дунё.
Кенглик – маъво, шукуҳдир,
тенглик кўп йироқ олам,
Озодлик озод руҳдир!
Борми ҳеч озод одам?!
Алай-балайлари ҳам,
шайтон малайлари ҳам!..

Мазкур манзума қатор ҳаёт муаммоларни халқона ўйноқи услубда ошкор қилгани билан эътиборга молик. Эрк ва озодлик манзуманинг бош мавзуси эканини алоҳида таъкидлаш керак. Шоир: “Мамлакатлар озоддир, Борми ҳеч озод одам?!” деган оғриқли саволни ўртага ташлайди.

Шоирнинг бу шеъри ўзига хос оҳанги ва шакли билан эътиборга молик. Йўлдош Эшбек ўзи эътироф этганидек:

“Оҳанг билан шакл – шеърдир. Шеър – оҳанг билан шаклнинг гўзал тасвири. Ҳа, шакл... шакл! Турмушда аввал қолип қилиниб, кейин ғишт қўйилади. Шеърда эса бу ҳол анчайин “эркин” кечади – “ғишт” қуйилиш жараёнида “қолип” ҳам тайёр бўла боради. Ҳаётий дунёда фақат санъат гўзал. Шеърият олий мақомга кўтарилса, санъатга айланади”.

Дарҳақиқат, “Лўли қиз қўшиғи” шеъри сеҳрли оҳанги ва ўзгача шакли билан олий мақомга кўтарилгани боис росмана санъат асарига айланган:

Эрк-да сенга ватанмас,
ватанинг эрксиздир, бас –
Шодлик-да бегонамас,
гарчи шодликхонамас,
Олам – аламхонадир,
қабрсиз ғамхонадир,
ё лошсиз соғонадир,
Алай-балайлари ҳам,
шайтон малайлари ҳам!..

Мазкур манзума ўз жизобаси билан хорижлик шеърият мухлислари эътиборини ҳам жалб қилди. Хусусан, бу шеър Туркияда нашр қилинувчи “KÖROĞLU” илмий-адабий журналининг 2021 йил март сонида Анқара Ҳожи Байрам Вали университети профессори Вели Саваш Елўк таржимасида эълон қилинди.

Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, бундан олдин Йўлдош Эшбекнинг “Мангу масофа” (“Ebedi Mesafe”) номли шеърий тўплами Анқарадаги “EYSEM” нашриётида профессор Эртуғрул Яман таржимаси ва сўзбошиси билан нашр этилган эди.

Айни пайтда озарбайжонлик олима Гулнар Этибар қизи Ахундованинг “Ўзбек шоири Йўлдош Эшбек ижодида модернизм ва анъанавийлик” илмий мақоласида шоир шеърияти асосини “Инсон, табиат, Тангри” мавзулари ташкил этишини ва уларда умумтуркий аҳамиятга молик муштарак ғоя ва тушунчалар ўзига хос замонавий кўринишда талқин этилганига алоҳида эътибор қаратади.

Мичиган университети профессори Темур Хўжаўғли эса Йўлдош Эшбек шеърларини инглиз тилига таржима қилди. Натижада атоқли шоир дунёнинг эътироф этилган 500 шоири шеърлари киритилган “Top 500 Poet-Poem Hunter” қомусидан ўрин олди.

Йўлдош Эшбек шеъриятининг халқаро миқёсда ҳам эътироф этилиши бежиз эмас. Бинобарин, филология фанлари доктори Сувон Мели “XXI асрга раҳмат!” Ёхуд Йўлдош Эшбек ҳақида сўз” мақоласида шундай ёзади:

“У шундай бир муҳташам боғ яратдики, бу боғнинг бутун бир нафосатини, сир–синоатини туйқусдан англаш, баҳо бериш ҳамда унга муносиб талқинларни юзага чиқариш жуда ҳам қийин. Мазкур боғнинг ичига кириб, ундаги барча дарахт ва гулларга маҳлиё бўлиш, балки унча қийин иш эмасдир, лекин дарахтлар салобати ва гўзаллиги, ҳар бир гулнинг фақат ўзигагина хос ифорини туйиш, ҳис қилиш учун мунаққидлик салоҳиятидан ташқари вақтнинг донишмандона масофаси ва ақли керак, шекилли”.

Йўлдош Эшбек шеъриятида “қуёш”, “осмон”, “тоғ”, “кўнгил” сингари тимсолларга қайта-қайта дуч келамиз. Шоир бу тимсолларнинг ҳар бирини замирига улкан маъноларни жойлайди. Бинобарин, қуйидаги шеърда “осмон” ва “кўнгил” тимсолларига дуч келамиз:

Эй осмон, кўнглимга кир,
Дунёдан бир ўтилгайсан.
Эй осмон, кўнглимга кир,
Сен қафасдан қутулгайсан.

Бепоёнсан, кеккаймагин,
Коинотга энкаймагин.
Эй осмон, кўнглимга туш,
Парвоз қилгин мисоли қуш!
Сидрилгайсан, ситилгайсан,
Ҳар хил издан титилгайсан.
Эй осмон, кўнглимга туш,
Маҳкумликдан қутулгайсан!

Навоийшунос олим Акром Малик ҳазрат Навоийнинг кўнгил таърифига бағишланган қуйидаги байтини шундай шарҳлайди:

Солик ани Арши муалло деди,
Сўфи ани олами кубро деди.

Соликлар кўнгилни олий Арш – Арши аъло дедилар. Арш Аллоҳнингдир. Ердан ва самолардан улканроқдир Арш. Аршда фаришталар бор. Ақл бовар қилмас нарсалар бор. Соликлар эса кўнгилни олий Арш дедилар. Инсон ўз жисмидан олий Аршни топмоғи мумкин демак.

Сўфий – олам моҳиятига назар солган шахс. Улар учун шакл қизиқ эмас, маънога боқадилар. Сўфийлар дедиларки – кўнгил олами кубродир. Катта оламдир. Кўзлар ила кўрганимиз, ичидаги бўлганимиз оламни олами суғро – кичик олам дедилар. Кўнгил қандай оламки, у биз ичида бўлган оламдан улкан бўлса? Демак, кўнгил – Илоҳий файз оламига бир йўл”.

Кўнгил Арши аъло сингари олами кубро, яъни катта олам экан, Йўлдош Эшбекнинг осмонга мурожаат қилиб, уни ўз кўнглига, яъни озодликка чорлаши табиий ҳол ҳисобланади.

Мунаққид Қозоқбой Йўлдошев шоир шеъриятига шундай таъриф беради:

“Йўлдош Эшбек табиат ҳодисаларини жонлантирар экан, уларга шокир инсонга хос хусусиятлар бахш этади:

Ялпизлар пичири таралар,
тоғлар бир қайрилиб қўяди.
Ҳавони оҳангдор арилар
муаттар излар-ла бўяди.

Шоир шеърларидаги “Тоғлар кўк қоғозга ўхшаб кўринар, лолалар эриган алвон бўёқдир. Арча тушаман деб, пастга уринар, дўпписин туширган момоқаймоқдир” ёки “Шамол соясига ўхшаган хаёл, тебратиб туради мудраган чолни. Анҳор аста туртиб ўтади хиёл, ўзин тутиб кулган дол мажнунтолни” сатрларида табиат зиммасига одамга хос вазифа юкланади. Одамнинг табиатдай табиий бўлишини орзу қилган Йўлдош Эшбекнинг: “Осмон сиғар кўнгилга кўнгилли бўлиб кетар” сингари кутилмаган ифодалари инсонни тоза ва кўнгилли кўриш иштиёқи маҳсули сифатида ёдда қолади”.

Энг муҳими, мутахассисларнинг эътироф этишларича, “...даврга, унинг шиор ва чақириқларига бефарқ камдан-кам ижодкорлар бўлар эканки, улардан бири, шубҳасиз, Йўлдош Эшбекдир” (Сувон Мели). Бинобарин, Йўлдош Эшбек замонсоз эмас, балки кўнгил шоири, руҳият шоири бўлишга интилади. У ижодининг дастлабки кезларида публицистик паффоси юксак манзумалар яратган бўлса, кейинги даврда асосий эътиборни қалб кечинмаларини эътиқод ва имон нуқтаи назаридан ифода этишга ҳаракат қилади. Дунёвий оламдан раббоний оламга юз тутади.

Шуни ҳам айтиш керакки, Йўлдош Эшбек гоҳ бармоқ вазнида, гоҳ сарбастда қалам тебратади, гоҳо бахши каби ўлан айтади. Даъфатан шоирона фикрларини Шайх Саъдий сингари ихчам фардда ифодалайди. Айримларини Умар Хайём каби тўртлик қилади:

Жаҳон – қишлоғи, кўйи,
Ер – тўшак, осмон тўни,
Шеъри – шоирнинг уйи,
Хижолат қилма уни.

Ҳазрат Навоий умрининг сўнгги фаслида битган ғазалларидан бирида “Сураи Ваш-шамсу Вал-лайл эрди вирдим субҳу шом” дея таъкидлайди. Раббоний оламга бутун вужуди билан юзланганини ғазалларда такрорлашга қаноат қилмай “Муножот” асарини яратади. Йўлдош Эшбек ижодида ҳам шундай шеърлар борки, уларни шубҳасиз Парвардигори оламга муножот дея талқин қилиш мумкин:

Сени сўроқлайман нурга қарайман,
ибодат қиламан ҳузурга қарайман.

Ярайманми дейман бир яхши ишга,
қалқон бўламанми бирор ташвишга?

Ниятимга амалимни пайванд эт,
энди мени гулламоқ ила банд эт.

Бўлсин мева бермоқ энди юмушим,
ширинлик улашмоқ ёзу қишим.

Ғам йўқдир сен бундан хабар айласанг,
лутф айласанг бир бор назар айласанг.

Қуримоқ йўқ карам айласанг бир бор,
илдизим бўлурки йўқолмас зинҳор.

Йўлдош Эшбек ўзи эътироф этганидек, “шеър бағридаги эзгулик”ни тараннум этади. “Гўзал ашъорга амал қилиб, хушлик ва поклик билан Парвардигорга юзланиш”га даъват қилади.

Йўлдош Эшбек заҳматкаш ижодкорлар сирасидан. У бадиий таржима билан ҳам жиддий шуғулланади. Хусусан, туркиялик қатор адибларнинг романларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилганини алоҳида таъкидлаш керак. Айниқса, машҳур қозоқ шоири Ўлжас Сулаймоновнинг “АзиЯ” китобини алоҳида ихлос билан ўзбек тилига ўгирган.

Йўлдош Эшбекнинг мунаввар туйғулар билан йўғрилган, санъат даражасига юксалган шеърияти шеърхонлар қалбига қанот бахш этиши, кўнгилларни зилол булоқ сувлари каби мусаффо қилиши билан қадрли.

Исмат КЎЧИЕВ,
шоир ва адиб, Ўзбекистон ва Беларусь Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.