Самарқанд ҳокими ва саркарда Ялангтўш Баҳодир ҳақида тарихий драма яратилди
Мазкур асарда 1576 (78) – 1656 йилларда яшаб, жангу жадалларда сарбозлик кўрсатган Самарқанд ҳокими (амир) бўлган Ялангтўш Баҳодир ҳақида гап боради.
Ўша вақтларда Самарқанд ҳудуди Бухоро хонлиги тасарруфида бўлган. Асар воқеалари асосан 1619 ва 1640 йилларни ўз ичига олади.
Айнан шу йиллар давомида Ялангтўш Баҳодирни заминимиз бунёдкорлиги учун ўз ҳиссасини қўшган, буюк обидаларимиз саналмиш Тиллакори ва Шердор мадрасаларининг бунёд бўлишига сабаб бўлган улкан меҳнати ва машаққатлари акс этган воқеалар асарда жонлантирилган. Регистон ансамблининг бунёд этилишига сабабчи бўлган саркарда, Самарқанд амири Ялангтўш Баҳодир сиймоси бугунги кун ва келажак авлод тасаввури ва қалбида муҳим жой эгаллаши уни ўз Ватанига бўлган жонкуярлиги, фидойилиги асар мазмунида кенг очиб кўрсатилган.
Пьесада Ялангтўшнинг жанговар қудратини ифодаловчи саҳналар, бунёдкорлик ишлари, адолатли раҳбарлиги, уддабурон давлат арбоби эканлигини кўришимиз мумкин. Фарзанд тарбияси, илм тарғиботчиси ва ҳимоячиси, адолат пешвоси, халқ дарди ва келажаги учун курашган жасур тарихий сиймони биз бу пьеса орқали янада чуқурроқ англашимиз мумкин. Натижада шундай бобоколонларимиз борлигидан фахрланиб, Ватанга бўлган садоқатимиз, ишончимиз ва Ватан келажаги учун шижоатимиз янада ошади ва теранлашади.
Ялангтўш Баҳодир таржимаи ҳоли ҳали кўпчилик ёш авлод онгида аниқроқ шаклланмаган бўлса-да, бу асар орқали 1612-1656 йилларда Самарқанд амири, адолатли жонкуяр раҳбар, моҳир саркарда Ялангтўш Баҳодир сиймоси ва қудратли кураши барча ёш авлодни, қолаверса, барча театр ихлосмандларининг қалбидан чуқур жой эгаллайди ва тарихга, бобокалонларимизга бўлган эҳтиромимизни яна бир поғона юксалтиради.
Мазкур тарихий драма шу йил 15 сентябрь куни Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида намойиш этилади.