Самарқанд мадрасаларининг вақф ҳужжатлари қаерда?

Вақфлар дастлаб VII-VIII асрларда Араб халифалигида пайдо бўлиб, XII асрдан бутун мусулмон мамлакатларига ёйилган. “Вақф” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, “тўхтатиб туриш”, “ушлаб туриш” маъно­ларини билдиради. Вақф мулклари ҳукмдорлар ёки хусусий шахслар томонидан совға қилиш, маълум жамоа томонидан масжидлар учун эҳсон қилиш ва сотиб олиш йўллари билан шакллантирилган.

Ўзбекистон ҳудудида ҳукмронлик қилган барча мусулмон сулолалари даврида вақф хўжалиги юритилган. Вақф мулклари ер, тегирмон, дўкон, карвонсарой, ҳаммом ва бошқа шаклларда бўлган. XV асрда ҳозирги Регистон ансамблидаги Тиллакори мадрасаси ўрнида мавжуд бўлган Мирзои карвонсаройи ва Мирзои ҳаммоми Улуғбек мадрасаси учун вақф қилиб берилганлиги манбалардан маълум. Мустамлакагача ўлкада таълим муассасалари, айниқса, мадрасалар моддий таъминоти дўкон, карвонсарой, омбор, боғ участкалари ва бошқа даромадлардан келади­ган вақф мулклари ҳисобидан амалга оширилган. Вақф даромадлари мадраса ва мас­жид биноларини таъмирлаш, бу ерда таҳсил олаётган толибларга ҳамда ходимларга сарфлаш, улар қошида мактаблар очиш учун сарфланган.

Ўрта Осиё Россия империяси томонидан босиб олингач, асрлар давомида шаклланган вақф хўжалиги тизими зарбага учради. Рус маъмурлари бунгача истило этилган Қрим хонлигида шундай тизимга дуч келган эди. Самарқанд истилосидан бир неча кун ўтибоқ солиқлардан озод этилган ер-мулкларни аниқлаш учун “ҳудуддаги хусусий ва вақф ерлари ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотлар йиғиш, уларнинг рўйхатини шакллантириш” топшириғи берилган эди. Кейинроқ 1869-1870 йиллар давомида Зарафшон округи бош­ли­ғининг топшириғига кўра А.Кун томонидан мутаввалилар қўлидаги деярли барча вақф ҳужжатлари тўпланади ва уларда кўрсатилган мулклар рўйхатга олинади. Унинг вафотидан кейин эса ҳужжатлар ном-нишонсиз ғойиб бўлади. Фақатгина Шайбонийхон мадрасасининг китоб шаклда тикил­ган вақф ҳужжати Россиядаги Осиё музейи сақланмоқда.

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси жамғармаларида Самарқанд вақфларига доир ҳужжатлар сақланади. Уларга кўра, Самарқанд вақфларига тегишли ҳужжатларнинг бир қисми В.Вяткин коллекциясидан жой олган. Олимнинг вафотидан сўнг ушбу коллекция дастлаб 1933 йилнинг бошида Ўзбекистон Давлат Халқ кутубхонасига топши­рилиб, 1943 йилда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик инсти­тутига ўтказилади.

А.Кун томонидан йиғилган ва тақдим қилинган маълумотларга кўра, Самарқанд бўлимида 142 та вақф мулки бўлиб, улар 59.991 таноб ер, 210 та дўкон, 7 та тегирмон, 4 та жувозхона, 7 та карвонсаройдан иборат эди. Каттақўрғон бўлимида 14.683 таноб ерни ташкил этган. Йиғилган вақф ҳужжатлари юқорида таъкидланганидек эгаларига қайтарилмаган.

А.Кун томонидан тайёрланган рўйхатга 17 та мадраса ва 44 та масжидга тегишли вақф мулклари киритилган. Мадрасалар ичида Шердор ва Тиллакори энг кўп вақфларга эга эди. Ушбу вақфлар 11.610 таноб ер ва 8 та дўконни ўз ичига олган бўлиб, йилига 38 минг танга фойда келтирган. Қолган 16 та мадраса учун 382 та дўкон, 4 дан бир қисми карвонсарой, 8 дан бир қисми тегирмон, 2 тим, 160 та ҳунармандлар расталари, 2 та бозор қатори, 13.383 таноб ерга эгалик қилган. Ушбу мулклар йилига 31.203 танга даромад келтирган.

1873 йилда Зарафшон округи бошлиғининг буйруғига кўра, ҳудуддаги барча вақф мулкларини кимошди савдоси орқали ижарага бериш, ижарадан тушган маблағларнинг асосан учдан икки қисмини давлат ғазнасига юбориш лозимлиги белгиланди. Шу муносабат билан барча масъулларга шарқшунос А.Кун маълумотларига асосан тайёрланган вақф мулкларининг рўйхати юборилган. Самарқандда руслар истилосига қадар мавжуд бўлган мадрасаларга тегишли вақф мулклари ҳақидаги маълумотларни мана шу рўйхат орқалигина билиш мумкин.

Руслар истилосига қадар юқоридаги вақфлардан келадиган даромад қуйидагича тақсимланган: Ўндан бир қисми мутаваллийга, бир қисми мадраса ва таҳоратхона таъмири учун, бир қисми сартарош учун, қолган қисми илм берувчилар, толиблар ва бошқа ходимларга берилган. 1873 йилда вақф мулклари учун ижара шартномаларининг янгидан тузилиши айни вақтда вақфдан келадиган даромадлар ҳам ҳарбий губернаторлар назоратига ўтганлигини англатар эди. Бу ҳолат ўз навбатида вақф ҳисобидан муҳофаза этилган ва таъмирлаб борилган меъморий иншоотлар қаровсиз қолишига олиб келди. Оқибатда обидалар тиклаб бўлмас даражага тушиб қолган. Ўша даврдаги мадрасаларнинг аксарияти бугунги кунгача етиб келмаганлиги фикримизга далил бўла олади.

Зарафшон округи бошлиғи этиб генерал-майор Иванов тайинлангач, 1878 йилда Самарқанд ва Каттақўрғон бўлимлари бошлиқларига вақф даромадларидан шаҳар маблағлари учун фоиз ушлаб қолишни тавсия этган 45-сонли йўриқнома юборилади. Бўлим маъмурлари ушбу ажратилган маблағ эвазига заруратга қараб вақф биноларини ўзлари таъмир қилиши белгиланган. Яъни, вақфдан келадиган даромаднинг асосий қисми шаҳар харажатлари учун ишлатилган, ундан обидаларни таъмирлаш учун маълум маблағ ажратилган. Ажратма 100 рублдан ошмайдиган даромаддан 8, 100-500 рубллик даромаддан 10, 500 рублдан бошлаб 15 фоиз ажратилган. 1891-1894 йилларда фоизли ажратмалар яна ўзининг йўналишида ишлатилиб, вақф бинолари таъмири тузилган сметалар бўйича ва махсус комиссия кузатувида амалга оширилган.

Ушбу масала 1896 йил 9 январда Самарқанд вилояти бошқарувининг умумий маҳкамасида кўриб чиқилади ва меъморий ёдгорликларни таъмирлаш вақф маблағлари ҳисобига вақф хўжалиги мудири-мутавалли қарамоғида, лекин уезд бошлиғи назоратида амалга оширилиши белгиланади. Шу тариқа обидаларни таъмирлаш ишларига зарур бўлган маблағ маъмурият қўлида тўплана бошлайди. Бироқ, рассом ва архитектор С.Дудиннинг ҳисоботларига кўра, гарчи 1896 йилдан эътиборан вақф даромад­лари тегишли ёдгорликлар таъмири учун йўналтирилган бўлса-да, баъзи обидаларни ҳисобга олмаганда (Шоҳи Зинда ансамбли ва маҳаллий диний уламолар томонидан назорат қилинадиган бир неча масжидлар) Самар­қанддаги меъморий ёдгорликлар умуман таъмирланмаган ва ҳатто қаров­сизлигидан чиқиндихонага айланган. Айниқса, Амир Темур мақбарасидаги масжид, Амир Темур (Бибихоним) жомеъ масжиди, Бибихоним мақбараси, Ашратхона, Чилдухтарон каби обидалар хароба ҳолига келиб қолган эди.

Хуллас, ҳукмронлигининг дастлабки кунлариданоқ вақф мулклари ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилди. Бироқ, ватанимиз тарихи ҳақида муҳим манба бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган вақф ҳужжатлари йўқолиб кетди. Ушбу вақф ҳужжатлари мадрасалар ҳақидаги тўлиқ маълумотларни, хусусан, жойлашган жойи, майдони, мударрис ва ўқувчилар сони, ходимлар сони, ҳужралар сони ва ҳолати, қурилган вақтини қамраб олганлигини ҳисобга олсак, йўқотилган маълумотлар кўламини англаш қийин эмас.

Махмудхон Юнусов,

музейшунос.