Самарқанд Қозоғистоннинг Туркистон вилояти билан ҳамкорлик қилади
Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон – Қозоғистон тўртинчи ҳудудлараро форумида шундай келишувга эришилди.
Форум ишида икки давлат ҳукумати аъзолари, ҳудудлар раҳбарлари ва тадбиркорлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ҳамда Қозоғистон Республикаси Бош вазири О.Бектенов давлатларимиз раҳбарларининг самимий муносабатлари ва оқилона ташқи сиёсатлари туфайли кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб, барча соҳаларда ижобий ўсиш кузатилаётганини қайд этдилар.
Кейинги 7 йил ичида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўзаро савдо айланмаси деярли 2,5 баробар ўсиб, ўтган йили 4,4 миллиард долларни ташкил этди. Бугунги кунда мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида 1100 га яқин, Қозоғистонда эса Ўзбекистон капитали иштирокида 3600 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
Мавжуд захиралардан самарали фойдаланган ҳолда яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш имконияти мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг шу йил август ойида Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 7 миллиард долларлик шартнома ва битимлар имзолангани мамнуният билан қайд этилди. Бу ҳужжатларнинг ижросини таъминлашда ҳукуматлар ва минтақалар раҳбарлари ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди.
Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришда ҳудудлараро алоқалар ҳақиқий ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилаётганини эътироф этди. Жумладан, Самарқанддаги “Azia Metall” компанияси Тараз шаҳрида пўлат маҳсулотини ишлаб чиқариш заводини қурмоқда.
Бош вазирлар Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг барча вилоятлари ҳамда шаҳарлари ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрликларини тасдиқладилар.
Форумда ҳудудлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш юзасидан муҳим таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Давлат раҳбарлари иштирокида ўтказилган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Бир қатор вазирликлар ва минтақалар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатлар имзоланди.