Самарқанд шаҳар куни шодиёналари 3 кун давом этади
Шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаровнинг маълум қилишича, байрам тадбирлари 15 октябрдан бошланади. Асосий сана - 18 октябрь куни "Мўъжиза" амфитеатрида гала-концерт ташқил қилинади.
Самарқанд шаҳар куни муносабати билан ўтказиладиган тадбирларга тайёргарликни юқори даражада олиб бориш учун шаҳар ҳокимлиги томонидан штаб ташкил қилинган. Байрам тадбирлари доирасида 15 октябрда Фирдавсий боғида, 16 октябрь куни Фарҳод шаҳарчаси ва Хишрав қўрғонида, 17 октябрь куни "Нурафшон" маданият саройида концерт дастурлари ўтказилади.
Бундан ташқари, 15 октябрдан шаҳардаги таълим муассасалари, жумладан, мактаб, академик лицей ва олий таълим муассасаларида шаҳар кунига бағишланган танловлар ўтказилади ва ғолиблар тақдирлаб борилади.
Шаҳардаги корхона ва ташкилотларда ҳам санага бағишланган ташкилотларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, танлов ва мусобақалар ўтказиш ва ғолибларни шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдирлаш режалаштириляпти.
Аниқроқ айтганда, 3 кун бўладиган байрамда, яъни 15-18 октябрь кунлари шаҳардаги барча спорт мактабларида ҳаваскор ва профессионал спортчилар ўртасида спорт мусобақалари ўтказилади.
Асосий тадбирлар Алишер Навоий кўчаси ва Университет хиёбонида ўтказилади. Алишер Навоий кўчасида гуллар ва қушлар, Шарқ ширинликлари ва бошқа бир қатор фестиваллар, ярмаркалар ва кўргазмалар ташкил қилинади. “Made in Uzbekistan” саноат ярмаркасида Самарқанд шаҳрида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намойиш этилади.
Университет хиёбонида кун давомида шаҳардаги барча олий таълим муассасалари ҳамда миллий маданий марказлар томонидан кўргазмали ва маданий чиқишлар, концерт дастурлари намойиш этилади.
“Мўъжиза” амфитеатрида гала-концерт ўтказилади. Шаҳар куни муносабати билан ўтказилган танлов, мусобақа ва кўргазмали чиқишлар ғолиблари шу ерда тақдирланади.