Самарқанд шаҳрида 60,2 километр оқова сув тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди. Натижа нима берди?
Жаҳон банкининг кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган “Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари оқова сув тозалаш иншоотлари ва оқова тизимлари реконструкцияси” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятига 34,3 миллион доллар маблағ йўналтирилиши белгиланган бўлиб, бу маблағ ҳисобидан 2 та оқова сув тозалаш иншооти, 3 та оқова сув насос станцияси ва 60,2 километр тармоқлар қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилиши белгиланган.
Ҳозирда ўзлаштирилган маблағлар ҳисобидан Фарҳод шаҳарчасидаги оқова сувни тозалаш иншооти тўлиқ реконструкция қилинди ва фойдаланишга топширилди. 60,2 километр оқова сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари ҳам тўлиқ бажарилди.
1 та оқова сув тозалаш иншооти ва 3 та оқова сув насос станцияларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари шу йил апрель ойига қадар тугатилади.
Мазкур лойиҳа бўйича иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан Самарқанд шаҳрида қўшимча равишда 3 та оқова сув насос станцияси ва 36 километр канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилмоқда. Бу ишлар жорий йилнинг сўнгига қадар тугатилади.
Яқинда "Ўзсувтаъминот" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси С.Саифназаров Жаҳон банкининг кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган бу каби ишлар билан танишиб, Самарқанд шаҳри аҳолисини сифатли канализация хизматлари билан таъминлаш, ўз ўрнида санитария ва эпидемиологик ҳолатни яхшилаш лозимлиги бўйича таклифларини билдирди.
Комил Юсупов,
“Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти директори.