Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон-Россия III таълим форуми бошланди

Бугун Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон-Россия учинчи таълим форуми бошланди. 26-27 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган форумда икки мамлакат томонидан 200 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этмоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик кўлами кенгайиб бормоқда. Биргина 2021 йилда мамлакатимизда Россиянинг 4 та нуфузли олий таълим муассасаси филиали очилгани бу соҳадаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.

Икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро академик алмашинув йўлга қўйилиб, профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириши, талабаларнинг турли грант лойиҳаларда қатнашиши мунтазамлик касб этмоқда.

Икки давлатнинг олий таълимдаги ҳамкорлигида қўшма таълим дастурлари муҳим ўрин эгаллайди. 2021-2022 ўқув йилида Россия Федерацияси олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларига Ўзбекистондан абитуриентларни қабул қилиш бўйича умумий квота 4530 тани ташкил этди. Жумладан, бакалавриат йўналишлари бўйича 3937, магистратура мутахассисликлари бўйича 593 ўрин ажратилган.

Ўтган ўқув йилидан Россия университетлари билан таълимнинг кўплаб йўналишлари бўйича қўшма дастурлар тузилган. Булар тиббиёт соҳасида дорихона, стоматология, педиатрия, шунингдек, муҳандислик-техник мутахассисликлар, иқтисодиёт ва молия.

Ушбу форум доирасида икки мамлакат таълим ташкилотлари, етакчи компаниялари ўртасида фан, таълим, ишлаб чиқариш интеграциясини йўлга қўйиш, шунингдек, муҳандислик-технологияси, энергетика, кимё саноати соҳаларида кадрлар тайёрлаш, малака ошириш, илмий ва инновацион фаолиятдаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказилади.

Форумнинг дастлабки иши мамлакатимиз олий ўқув юртлари билан Россия ишлаб чиқариш секторлари ўртасида интеграцияни йўлга қўйиш доирасидаги музокараларга бағишланиб, сўнг шуъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирилади.

Россия-Ўзбекистон таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари - муҳандислик кадрларни тайёрлаш, узлуксиз таълим тизимини яратишда Россия ва Ўзбекистон тажрибаси, мактабгача ва мактаб таълими тизими учун педагог кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион соҳадаги ҳамкорлик истиқболларига қаратилди.

Анжуман якунида 100 га яқин ҳамкорлик шартномалари имзоланиши кутилмоқда. Уларнинг аксарияти Россияда ривожланган технологик ишлаб чиқариш соҳалари тажрибасини мамлакатимиз олий таълим муассасаларида татбиқ этишга қаратилган.