Самарқанд шаҳридаги Амир Темур кўчаси 202-уйда яшовчилар янги “мини-стадион”дан норози

Телеграмимизнинг @Zarafshonbot манзилига Самарқанд шаҳар Амир Тимур кўчаси, 202-кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар номидан мурожаат йўлланди.

Шерзод Каримовнинг телеграм саҳифасидан юборилган хатда ёзилишича, 2016 йилда барпо этилган ушбу кўпқаватли уйдаги хонадон соҳибларининг фарзандлари учун ҳудудда сунъий қопламали кичик футбол майдончаси ҳам қурилган.

Аммо мазкур майдончанинг ер ости қисми зичлиги (трамбовкаси) меъёрида таъминланмагани, ёмғир сувлари тўпланиши, махсус оқава сув лотокларининг ўрнатилмагани оқибатида 30-40 сантиметргача чўккан. Мазкур сабаблар туфайли 1,5 йилдирки, майдончанинг сунъий қопламаси йиғиб ташланган. Теварак-атрофдаги кўпқаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг фарзандлари бугун ушбу мини-стадион имкониятларидан фойдалана олишмаяпти.

Ўйлаймизки, ушбу масалага Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар мутасаддилари муносабат билдиради.