Самарқанд туманида камбағал ва ёлғиз яшовчиларга қандай ёрдам кўрсатиляпти?

Бу ҳақда "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази туман бўлими раҳбари Камолиддин Ғаффоров Zarnews.uz мухбирига маълумот берди.

- Йил бошидан буён Самарқанд туманида яшовчи жисмоний ва юридик шахслардан аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш, оғир аҳволга тушиб қолган аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш бўйича 9 минг 889 та келиб тушди, - дейди К.Ғаффоров. - Мурожаатларнинг 8 минг 754 тасига хизмат кўрсатилди. Шунингдек, йил бошида ижтимоий ходимлар томонидан ўтказилган хатлов натижасида 3853 та оила камбағал оилалар реестрига киритилди. Шундан 827 таси "қизил" тоифа 2212 таси "сариқ" тоифа 814 таси "яшил" тоифа. Ўтган давр давомида 1380 та оилага амалий ёрдамлар кўрсатилиши натижасида уларнинг реал даромадлари ошишига эришилди ва реестрдан чиқарилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг фунционаллигини баҳолаш йўналишида жами ногиронлиги бўлган шахсларнинг 356 нафарининг бандлиги таъминланди, 786 нафари реабилитация қилишнинг техник воситалари ва протез-ортопедия мосламали билан таъминланди, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан 287 нафарига адаптив спортга тавсия берилди, уларнинг 136  нафари адаптив спортга жалб қилиниб, 36 нафари касб-ҳунарга ўқитилди. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасида 549 нафар реабилитация қилинди.

Туманимизда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кекса, ёлғиз яшовчи ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар 115 нафарни ташкил этади. Шундан 82 нафарига ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш, 10 нафарига уй шароитида қараб туриш, 63 нафарига тиббий-ижтимоий реабилитация, 8 нафарига кундузги қатнов асосида қараб туриш, 2 нафарига шахсий ёрдамчи хизмати кўрсатилмоқда. Қувонарлиси, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кекса, ёлғиз яшовчи ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлигида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бундан ташқари, 10 нафар ўзгалар парваришига муҳтожлар уй шароитида қараб туриш хизматига қамраб олиниб, оила аъзолари ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатидан ўтказилди ва кўрсатилган хизмат ваучер асосида қоплаб берилмоқда.

Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож якка ёлғиз, ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг 35 нафарининг йўқолган ҳужжатлари марказ аралашуви билан қайта тикланди, 17 нафар ёлғиз яшовчи кексаларнинг қариндошлари билан муносабати тикланди, 7 нафари реабилитация қилишнинг техник воситалари ва протез-ортопедия мосламалари билан таъминланди, 11 нафарига ижтимоий ходим ассистентлари бириктирилди, 14 нафари тўгаракларга жалб қилинди, 16 нафарининг яшаш шароитлари мослаштирилди, 99 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Бундан ташқари 165 нафар фуқаролар ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги 11 та санаторияга юборилиб, соғломлаштирилди.

Жорий йилда марказга болалар зўравонлиги бўйича 10 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу болаларнинг ҳар бирининг ҳавфсизлиги таъминланган ва хавфсиз оила муҳитига қайтарилган. Уларнинг барчаси маҳаллада ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан доимий мониторинг қилиб борилади.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, вояга етмаганларни ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида жорий йилда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва ота-онаси миграцияда бўлган жами 685 нафар болаларга индивидуал ривожланиш режалари ва "Ёшларга ҳамроҳлик дастури" ишлаб чиқиб, уларга 254 дан ортиқ хизматлар кўрсатилди, хусусан, 4 нафар бола имтиёз асосида олий таълим муассасаларига жалб қилинди, 16 нафар бола бандлиги таъминланди, 171 нафар бола спорт ва фан тўгаракларига жалб қилинди.

Тойлоқ тажрибаси асосида Конигил маҳалласидаги 53-мактабда "Илк ривожланиш" маркази ташкил этилиб, болалар сони 60 нафар етказилди, кейинчалик бу қамровни 120 нафарга етказиш белгиланган.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматини ташкил этиб, ушбу хизматга 43 нафар бола жалб қилинди.