Самарқанд туманида туристик зона ташкил этилмоқда
Вилоятимизда туризмнинг эко ҳамда экстремал турларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида шу йил 6 февралда давлатимиз раҳбари томонидан “Оҳалик – Оқбўйро – Миронқул” туристик-рекреацион зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилинди.
Қарорда бир ой муддатда “Оҳалик – Оқбўйро – Миронқул” туристик рекрацион зонаси фаолиятини ташкил этиш, жорий йилнинг 1 августига қадар зонанинг мастер режасини ишлаб чиқиш ва талаб этиладиган ер майдонлари тоифасини ўзгартириш бўйича таклифларни ҳукумат комиссиясига киритиш, зона ҳудудида ички ишлар бошқармасининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлимини ташкил этиш ва бошқа вазифалар бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан Самарқанд тумани ҳокимлигида вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда қарор билан тасдиқланган туристик зона ҳудудида туризм соҳасини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари ҳамда туристик зона ва унга олиб борувчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
– Қарорда жорий йил 1 майга қадар Оҳалик, Оқбўйро ва Миронқулда жами 2545 гектар ер майдонини белгиланган тартибда дирекция ҳисобига ўтказиш белгиланган, – деди Э.Турдимов. – Бунинг учун туман ҳокимлиги тегишли идоралар билан бирга хатлов ва ўрганиш ишларини олиб бориб, ўз таклифларини бериши керак. Шунингдек, ҳар бир ҳудуд бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга киришиш лозим. 2024-2026 йилларда зонада инфратузилмани яхшилаш бўйича давлат томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилади. Шу йилнинг 1 августига қадар туристик зонанинг бош режаси ва батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилади. Бунда ҳам барча таклиф ва лойиҳаларни эътиборга олиш лозим. Умуман, мазкур туристик зона Самарқанд туманида туризмни ривожлантириш орқали ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилишини инобатга олиб, уни тез ва сифатли амалга оширишга ҳудуддаги маҳаллалардан бошлаб ҳокимликкача фаол қатнашиши лозим.
Йиғилишда туристик зонада амалга ошириладиган ишлар, режалаштирилаётган лойиҳалар тўғрисида туризм бошқармаси, туман ҳокимлиги ва бошқа мутасаддиларнинг тақдимотлари ўтказилди. Уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.