Самарқанд туманидаги аксарият давлат мактабгача таълим ташкилотлари талаб асосида фаолият кўрсатмаяпти
Туман ҳокимлиги иш гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганиш давомида Оҳалик маҳалласида жойлашган 6-МТТ 53 нафар болага таомномасиз овқатлар тайёрланаётганига гувоҳ бўлинган. Карантиндан сўнг, 3 ноябрда иш бошлаган боғчада умуман озиқ-овқат захираси яратилмаган.
Янгижой маҳалласида жойлашгани 39-МТТда тарбиячи ва ишчи ходимлар пандемия талабларига зид равишда, ниқобсиз фаолият олиб бораётганлиги аниқланган. Ишчи гуруҳ мазкур боғчада ҳам кунлик таомноманинг йўқлигига гувоҳ бўлган. МТТларда ҳар бир гуруҳда бола сони 15 нафардан белгиланган бўлса-да, бу ерда бир гуруҳда 24 нафар бола тарбияланаётгани кузатилган.
Хожа Аҳрори Вали маҳалласида жойлашган 1-МТТда электр печлардан фойдаланиляпти. Болаларнинг овқатланиши учун ишлатилган идиш-товоқлар болалар ётоқхонасида ювилаётганлиги кузатилган. Ачинарлиси, тўпланган чиқиндилар бир неча кундан буён чиқарилмаган.
Ипакчи маҳалласидаги 13-МТТда 15 нафар болага мўлжалланган хонада 24 нафар болалар тарбияланаётганлиги, бир кишилик каравотда иккитадан бола ётқизилаётгани аниқланган. Гуруҳ хоналари аксариятининг поли яроқсиз ҳолатга келиб қолган, носоз газ ҳисоблагичидан газ сизиб чиқмоқда.
Миришкор маҳалласида жойлашган 9-МТТда баъзи гуруҳ хоналарининг поли тахталари синган, электр симлари очиқ ҳолатда. Иситиш тизими тўлиқ ишламаётганлиги сабабли хоналар совуқ. Омборда куз-қиш мавсуми учун озиқ-овқат захираси яратилмаган. Болалар ҳароратини қайд қилиш китоби юритилмаган.
Қорасув маҳалласида жойлашган 35-МТТ ошхонаси иссиқ ва совуқ сув билан таъминланмаган, иситиш тизими ишламайди. Ҳароратни ўлчаш учун тепловизор йўқ.
Қўшкўприк маҳалласидаги 25-МТТ ошхона ва озиқ-овқат омбори санитария талабларига жавоб бермайди. Ошхонага иссиқ ва совуқ сув уланмаган.
Табиий савол туғилади, Самарқанд туманида белгиланган талабларга жавоб берадиган бирорта давлат мактабгача таълим ташкилоти борми? Бирорта боғчада болажонлар яйраб тарбия оляптими?
Аниқланган камчиликлар тузатилиши ҳамда тегишли маълумот тақдим қилинишини кутамиз.