Самарқанд туманилик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг медальони Беларусда топилди

Беларусь пойтахти Минск шаҳрида ушбу мамлакатнинг Қуролли кучларига қарашли махсус қидирув батальони томонидан "Stalag 352" номли собиқ ҳарбий асирлар жойлашган лагерда олиб борилган қидирув ишларида Иккинчи жаҳон урушида вафот этган ҳарбийларнинг биридан медальон топиб олинди.

Медальонда ёзувлари яхши сақланиб қолинган ҳужжат ҳам мавжуд экан. Унда қуйидагилар битилган: “Эгамов Остон, 1920 йил туғилган. Узбекистон ССР, Самарқанд области, Самарқанд шаҳри, Самарқанд район, с/совет Тошдакбалон, д.Окмачит. Самарқанд РБК томонидан сафарбар этилган”.

Беларуслик фаоллар ушбу инсоннинг яқин қариндошлари бўлса, мурожаат қилишларини сўраб ёзишмоқда. Ўз навбатида исм-фамилияси келтирилган уруш қатнашчисининг қариндошлари бўлса, таҳририятимиз (тел: 66 233-91-58, 66 233-91-59)га, сайтимиз боти - @zarafshonbot'га мурожаат этишларини сўраймиз.