Самарқанддаги тиббиёт маркази 500 дан ортиқ болани туғма юрак нуқсонидан фориғ этди
Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази коронавирус пандемияси давридаги вақтинча танаффусдан сўнг яна ўз фаолиятини бошлади.
– Марказимиз нафақат Самарқанд, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларидан, жумладан, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий вилоятлардан келадиган бемор болаларга ҳам тиббий хизмат кўрсатади, – дейди Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов. – 16 мартдан юртимизда карантин эълон қилингач бемор фарзандини даволатиш ниятидаги ота-оналар бироз қийин аҳволга тушиб қолди. Яқинда марказимиз яна фаолиятини бошлади ва беморларни қабул қиляпмиз. Хусусан, бундан икки йил олдин ташкил этилган болалар кардиохирургия бўлимида туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, марказнинг мазкур бўлимида Москвадаги А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургияси ва бошқа хорижий нуфузли муассасаларда фаолият кўрсатган, малака ошириб келган ходимлар иш олиб бормоқда.
Бўлимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мураккаб жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли амалга ошириш учун соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўн турга яқин замонавий тиббий асбоб-ускуналар берилди. Самарқанд вилоят ҳокимлиги эса 1 миллиард 900 миллион сўм маблағ ажратиб, сунъий қон айлантириш аппарати келтирди.
Бундай имкониятлар туфайли шу пайтгача фақат хорижда бажарилган болалар туғма юрак нуқсони билан боғлиқ операциялар ҳозирда шу ернинг ўзида амалга оширилмоқда. Бўлим ташкил этилганидан буён 500 дан ортиқ бемор болада ана шундай жарроҳлик амалиёти қўлланилиб, улар дарддан фориғ бўлди. Бу болажонларнинг 40 фоиздан ортиғи 1 ёшгача бўлган гўдаклардир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунё бўйича ҳар бир минг чақалоқнинг 6-7 нафарида туғма юрак нуқсони қайд этилади. Айни пайтда Самарқандда 3500 нафар болада шундай хасталик мавжуд ва уларни жарроҳлик йўли билан даволаб, тўлақонли ҳаётга қайтариш мумкин, дейди марказ мутахассислари.