Самарқанд вилояти ҳокимининг Каттақўрғон шаҳридаги сайёр қабулида 472 фуқаронинг мурожаати эшитилди

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг навбатдаги оммавий сайёр қабули бугун - 13 июль куни Каттақўрғон шаҳрида ўтказилди.

Сайёр қабулда вилоят ҳокими билан бирга учта сектор раҳбари, вилоятдаги бошқарма ва идоралар бошлиқлари ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Сайёр қабул 6 соат давом этди. Унда 472 нафар фуқаронинг мурожаати қайд этилди. Барча масалалар бирма-бир тингланиб, уларнинг ечими юзасидан масъуллар бириктирилди. Мурожаатларнинг аксариятини сув, электр таъминоти, йўл, тиббий хизмат кўрсатиш масалалари ташкил этди.

- Бугунги сайёр қабул жойларда сектор раҳбарларининг уйма-уй юриб, аҳоли муаммосини ўрганиш масаласи кейинги пайтда ўз ҳолига ташлаб қўйилганини кўрсатди, - деди Э.Турдимов. - Чунки аксарият фуқаролар маиший ва оилавий муаммолар бўйича мурожаат қилишди. Ахир, уйма-уй юрилса, бу муаммолар жойида ҳал этилар, аҳолининг ортиқча ташвишга тушишига барҳам бериларди.

Вилоят ҳокими сайёр қабул якунида ана шу жиҳатга эътибор қаратди. Қабул давомида масъулларга топширилган масалаларнинг ижросини бир ҳафта ичида муҳокама этилишини белгилаган ҳолда вилоятнинг ҳар бир ҳудудида уйма-уй юриб, аҳолининг муаммосини ўрганиш ва ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.

Ё.ГАДОЕВ.