Самарқандда 2019 йилда 6 нафар нотариус билан меҳнат шартномаси бекор қилинган
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтаётган анжуманда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев маълум қилди.
Қайд этилишича, нотариал идораларда коррупция билан боғлиқ ҳолатларни ҳамда ходимларнинг фуқаролар билан ўзаро муомала маданиятини ўрганиш мақсадида 2019 йилда 90 марта “сирли мижоз” ва рейд тадбирлари ташкил этилган. Ушбу тадбирларда нотариал идора ходимлари томонидан йўл қўйилган 57 та камчилик аниқланиб, 18 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган. Шундан 6 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
- Бугунги кунда адлия бошқармаси тизимда фаолият олиб бораётган 333 нафар ходимларнинг 30 ёшгача бўлганлари 78 нафарни ташкил этади, - дейди С.Нуриев. – Бундан ташқари, бошқарма тизимидаги ходимларнинг 114 нафар аёллардан иборат.
Бугунги кунда вилоятда 29 та юридик хизмат ходимлари учун вакант штат бирликлари мавжуд.
Ўтган 2019 йилда вилоят адлия бошқармаси, туман ва шаҳар адлия бўлимлари томонидан келиб тушган 109 та қарор лойиҳаларидан 103 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, 6 таси белгиланган талабларга жавоб бермаганлиги сабабли қайтарилган. Шунингдек, қонунчилик талабларига жавоб бермайдиган ва адлия органларидан экспертизадан ўтмаган 98 та қарор бекор қилинган.
Вилоят адлия бошқармаси ва туман шаҳар адлия бўлимлари томонидан 2019 йил давомида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича жами 501 та таклифлар берилган.
Бундан ташқари, бошқарма томонидан 237 та юридик хизмат ходимлари суҳбат асосида ишга қабул қилинган. 175 та юридик хизмат ходими аттестациядан ўтказилиб, 96 нафар юридик хизмат ходимига мартаба даражалари берилган.