Каттақўрғонда нотариусдан товламачилик йўли билан 38 000 АҚШ доллари талаб қилган шахс қўлга олинди

7 май куни Самарқанд вилояти ИИБга Каттақўрғон шаҳрида нотариуслик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро ариза билан мурожаат қилган.
Унда Каттақўрғон шаҳрида яшовчи Ш. исмли шахс 2020 йил сентябрь ойидан буён уни фуқаролар ўртасидаги уй-жой олди-сотди шартномасини ноқонуний расмийлаштирганлигини рўкач қилиб, жиноий жавобгарликка торттириб, қаматиб юбориш билан қўрқитиб келаётганлигини, 38 000 АҚШ доллари эвазига тергов органига бориб айби йўқлигини ёзиб бериб, тинч қўйишини айтиб, ундан товламачилик йўли билан пул талаб қилаётганлигини билдирган.

Аризага асосан, ўтказилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида Каттақўрғон шаҳар кадастр ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича жиноят иши мавжудлиги, жиноят иши юзасидан хусусий нотариуснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги аниқланди.

Шундан сўнг, мазкур аризага асосан Самарқанд вилояти ИИБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Давлат хавфсизлиги хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбирда Каттақўрғон тумани Баланд Чордара маҳалласида яшовчи М.Ш. ариза муаллифидан 33 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни товламачилик йўли билан қўлга киритган вақтида ашёвий далиллар билан ушланиб, ҳужжатлаштирилди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.