Ногиронлиги бор фуқаро нотариал ҳужжатни қандай расмийлаштиради?
- Кар-соқов фуқародан машинасини бошқариш учун ишончнома олмоқчиман. Айтингчи, бундай киши билан ҳужжат расмийлаштириш тартиби қандай бўлади?
Саволга Тойлоқ туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус стажёри Ш.Баҳромов жавоб беради:
- Тартибга кўра, кар-соқовлик нуқсони, кўзи ожиз бўлган шахс нотариусга мурожаат қилса ҳамда у саводсиз бўлса, жараён сурдо ёки тифло таржимон орқали амалга оширилиши керак.
Агарда нотариус кар-соқовлик нуқсони бўлган фуқаролар билан мулоқот қила олса ва кўзи ожиз фуқаро учун мўлжалланган мослама билан ишлай олса, унда сурдо ёки тифло таржимоннинг иштироки талаб этилмайди. Бу ҳолатда нотариус жисмоний нуқсони мавжуд бўлган фуқаролар билан шахсан мулоқот қилганлиги ҳақида тегишли ҳужжатнинг матни ва тасдиқловчи ёзувида ёзиб қўяди.
Мурожаат қилувчи ишончномани тасдиқлаш ҳақидаги аризани ўз қўли билан имзолай олмаса, ариза унинг топшириғига кўра нотариуснинг ўзи ёки нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро томонидан имзоланиши мумкин.
Бир шахс ҳужжатни имзоловчи фуқаро, сурдо ёки тифло таржимон сифатида нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Бунда ишончномани расмийлаштириш ҳамда имзолаш жараёни аудио ва видеога мажбурий қайд этилади.