Самарқандда 46,5 минг гектардан ортиқ лалми ва яйлов ер фойдаланишга киритилади

Президентимиз 2026 йил 8 май куни “Лалми ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритишни рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармон қабул қилди.

Мазкур фармон билан лалмикор ва яйлов ер майдонларидан самарали фойдаланиш, фойдаланилмаётган ерларни қишлоқ хўжалиги айланмасига киритиш ҳамда уларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тўғрисидаги вазифалар ижроси доирасида вилоят туманларида 2026-2030 йилларда лалмикор ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритиш бўйича режа-график ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2026-2030 йилларда вилоят бўйича жами 46 минг 752 гектар лалмикор ва яйлов ер майдонларини фойдаланишга киритиш белгиланган. Шундан 16 минг 752 гектар янги ўзлаштириш ва 30 минг гектар ернинг ҳолатини тиклаш ҳисобига амалга оширилади.

Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Нуробод туманида - 17 966 гектар, Ургутда - 11 473 гектар, Пахтачида - 7202 гектар, Пайариқда - 6993 гектар, Каттақўрғонда - 1590 гектар, Қўшработда - 1155 гектар, Нарпайда - 373 гектар ер майдонини фойдаланишга киритиш режалаштирилган. Режага асосан, 2026 йилда 20 352 гектар, 2027 йилда 3600 гектар, 2028 йилда 5400 гектар, 2029 йилда 6600 гектар ҳамда 2030 йилда 7500 гектар ер майдонини фойдаланишга киритиш белгиланган.
Ушбу тадбирлар натижасида фойдаланилмаётган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш ҳамда яйлов ва лалмикор ерларнинг унумдорлигини тиклашга эришилади.

Искандар Қодиров,
вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари.