Самарқандда 5,7 минг нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаролар ишга жойлаштирилди
2020 йилнинг биринчи ярим йиллик якунида вилоятда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони (меҳнат ресурслари) – 2132,4 минг кишини ташкил этиб, шундан 74,9 фоизи ёки 1598,1 минг киши иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади.
Иқтисодиётнинг расмий секторда банд аҳоли сони 2019 йилга нисбатан 0,9 фоизга кўпайиб, 512,3 минг кишини ташкил қилган бўлса, норасмий секторда банд бўлганлар сони (меҳнат мигрантларини ҳисобга олмаганда) 869,1 минг кишини ташкил этди.
Иқтисодий фаол аҳолининг 13.6 фоизи ёки 216.6 мингга яқин фуқаро иш ўринларига муҳтож. Ишсизлик даражаси аёллар ўртасида 17,3 фоизни ва ёшлар ўртасида 20,1 фоизни ташкил қилмоқда.
Бу йилдан барча меҳнат органларида жисмоний ва юридик шахсларга “Ягона ойна” тамойили асосида хизматлар кўрсатиш тизими жорий қилинди.
Бунинг натижасида 2020 йил 8 ойида меҳнат органлари томонидан 50,2 минг фуқарога (шундан, 21,7 минг хотин-қизлар, 18,4 минг ёшлар) бандлик соҳасидаги хизматлар кўрсатилди.
Хусусан, 16,4 минг нафар ишсиз фуқаролар доимий иш жойларига ишга жойлаштирилди, 1,6 минг нафар фуқаролар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди. 3,4 минг нафар ишсизларга ишсизлик нафақаси тайинланиб, ижтимоий муҳофазага олинди. 1,4 мингга яқин фуқароларга меҳнат бандлик масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатилди.
Маҳаллий ҳокимликлар қарорлари асосида 2020 йилда 11,0 мингдан ортиқ иш ўринлари банд қилинган бўлса, ушбу иш ўринларига 5,7 минг нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаролар ишга жойлаштирилди.