Самарқандда аҳолига жамоат транспорти хизматлари кўрсатишда қандай ўзгаришлар бўляпти?
- Кейинги икки йилда Самарқанд шаҳрида “Мароқанд транс 777” МЧЖ, “Дилшод транс сервис” МЧЖ ҳамда “Тоҳир Р” хусусий корхоналари томонидан Хитойда ишлаб чиқарилган 124 та автобус келтирилиб, янги йўналишларга жойлаштирилди.
Туманларда аҳолини жамоат транспортига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида бир қанча янги йўналишлар ташкил этилди. Жумладан, Нарпай туманида 346-рақамли, Пайариқ туманида 454 ва 455-рақамли такси (микроавтобус) йўналишлари ташкил этилиб, йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.
Пайариқ, Иштихон, Оқдарё каби туманларидан келаётган йўловчиларнинг Самарқанд шаҳрига кириб келиши Мотрид ва Даҳбет кўчаларида анча тирбандликларга сабаб бўлмоқда. Мазкур муаммоларнинг олдини олиш ва йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Мотрид қўрғонидаги айланма йўл ёнида автобошбекат қуриш учун “Urgut avto center” МЧЖга 2,5 гектар ер майдони ажратиб берилди. Ҳозирда лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Мазкур автошоҳбекат жорий йил якунигача ишга туширилади. Шунингдек, Самарқанд ҳалқа автомобиль йўлининг Қарши айланма йўли ҳудудида ҳам янги замонавий автостанция лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди. 2,5 гектар ер майдонидаги қуриш ишлари август ойида бошланади.
Вилоят Матбуот уйида вилоят транспорт бошқармаси томонидан аҳолининг жамоат транспортига бўлган талабини қондириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Р.Тожиев шулар ҳақида маълумот берди.
Дилмурод Тўхтаев.