Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда алкоголь маҳсулоти рекламаси баннери олиб ташланди

Ушбу реклама воситасида қонунга зид тарзда “Балтика-9” пиво маҳсулоти рекламаси жойлаштирилган бўлган.

Қонунбузарликни бартараф этиш учун Самарқанд шаҳар прокуратураси 2019 йил 13 декабрда Самарқанд шаҳар Токзор маҳалласида яшовчи фуқаронинг аризасини белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш юзасидан юборган хати асос бўлган.

Негаки, мурожаатда вилоят ҳудудидаги айрим савдо шохобчаларининг ташқарисида “Балтика-9” пиво маҳсулоти рекламаси жойлаштирилганлиги баён қилинган.

Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган кузатув жараёнида Самарқанд шаҳри, Рудакий кўчаси, 90-уйда фаолият олиб бораётган “Саодат ЛТД” корхонаси томонидан савдо дўконининг ички қисми ойнасига 3х6 ўлчамдаги алкоголь маҳсулоти баннери ёпиштириб қўйилганлиги аниқланган.

 “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 23-моддаси талабларига кўра, савдо объектларининг олд томонида, кириш (транспортда кириш) жойларида, витриналарида, ташқарига олиб чиқиладиган предметларида ҳамда бошқа жойларида тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларнинг тасвирлари, номлари ва улар ҳақидаги бошқа ахборотни ўрнатиш таъқиқланган.

“Саодат ЛТД” корхонаси томонидан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг ушбу моддаси талаблари бузилган ҳолда ташқи реклама ўрнатилган.

Ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан “Саодат ЛТД” корхонасига қонунбузарлик ҳолатини тугатиш тўғрисида кўрсатма берилиб, савдо дўконининг ички қисми ойнасига ўрнатилган алкоголь маҳсулоти реклама баннери олиб ташланган.