Сарҳисоб: Янгича деҳқончилик ёрдамида даромадимиз 3 миллиард сўмдан ошди

Кўп йил деҳқончилик қилдим ва шу тажрибаларим асосида, 2006 йилда фермер хўжалиги ташкил этдим. Ҳозир 15 нафар доимий ва 50 нафар мавсумий ишчи билан тасарруфимиздаги 90 гектар майдоннинг 45 гектарида ғалла, 40 гектарида пахта, қолган ерларда мева-сабзавот етиштирамиз.

Фермер хўжалик ташкил этганимизда 3 гектар анъанавий боғ бор эди. 2020 йилда шу эски боғ ўрнида интенсив боғ ташкил этдик. Ҳозир боғдаги нок ва шафтоли ҳосилидан йилига 300-400 миллион сўмгача даромад оляпмиз. 2019 йилда хўжалик маблағлари ҳисобидан 50 тоннали музлаткичли омборхона қурдик.

Деҳқончиликда одатий экиш усуллари ўрнига илмий ёндашув асосида ерга мос уруғ танлаш, суғориш, ишлов беришда инновацион ишланмаларни жорий қилдик. Натижада ғалладан ўртача ҳосилдорлик гектарига 70-80 центнерни, пахтадан 65 центнерни ташкил этди.

Пахтачиликда жорий йилда биринчи марта 20 гектар майдонда “Шинжон” технологияси асосида 76 сантиметрли қўшқатор усулида плёнка остига уруғ қададик, томчилатиб суғоришни йўлга қўйдик. Бунинг натижасида саратонгача ерда намлик сақланди. Ҳосил эрта пишди, сув сарфи 50 фоизга тежалади. Ўтган йили шу майдонларга пахта экиб, гектаридан 40-41 центнердан ҳосил олгандик, бу йил танловимиз тўғри бўлган экан ҳосилдорлик 65 центнердан ошди.

 Авваллари тукли чигитдан гектарига 60-80 килограмдан эккан бўлсак, қўшқатор сеялкада гектарига 25 килограммдан чигит қададик. Яна бир яхши томони, бу усулда қўл меҳнати йўқ, ягана, чопиқ қилинмайди, культивация кирмайди, сув тежалади. Ёз давомида қатор орасини юмшатиш ва жўяк олиш учун далада 13-14 маротаба техника ишларди. Бу харажатларни ошириб юборарди. Бу йил пахтадан даромадимиз 2 миллиард сўмдан ортган бўлса, хўжалигимизнинг жами даромади 3 миллиард сўм бўлди.

 Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланганим хўжалигимиз аъзолари меҳнатларининг юксак эътирофи деб қабул қилдик.

Азимхон Ризонов,

Каттақўрғон туманидаги “Азимхон Ризонов” кўп тармоқли фермер хўжалиги бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳиби.