Инсон тақдири ва виждонни мезон қилган журналист
Уни ўз вақтида "Репортажлар қироличаси", деб аташган. Бу таърифни унга мукофот эмас, балки адолатга садоқати ва инсон тақдири олдидаги масъулияти берган эди.
Қаҳрамонимиз - Галина Троицкая учун журналистика, аввало, инсон ҳақида гапириш эди. Қайси мавзу бўлишидан қатъи назар, у ҳар доим воқеанинг ташқи кўринишига эмас, унинг ич-ичида яширинган дардга қулоқ тутарди. Расмий ҳисоботлар, чиройли рақамлар, “ҳаммаси жойида” деган шошма-шошар хулосалар унга ҳеч қачон етарли бўлмаган. У албатта жойига борар, кўз билан кўрар, одамлар билан гаплашар, сукут ортидаги ҳақиқатни изларди. Шундан кейингина қалам қоғозга тегарди.
Баъзан барча “рост” дея ишонтирган ҳолатларда ҳам у тўхтаб қоларди. Токи воқеликнинг ҳар бир қатламини очиб чиқмагунча, қалами ҳам сукут сақларди. Чунки у учун ёзиш — шошилинч иш эмас, виждон билан юзлашиш эди. Балки шу боис ҳам унинг ҳар бир мақоласи жамиятнинг энг оғриқли нуқталарига тегар, ўқувчини бефарқ қолдирмасди.
“У ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди”, — деб ёзади "Зарафшон" ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири ўринбосари Анастасия Павленко “Касб виждонга айланса” номли очеркида. — “Жамоатчиликда катта резонанс уйғотган мақолалари чоп этилган газеталарни ҳам, юзлаб фахрий ёрлиқ ва ташаккурномаларни ҳам асраб ўтирмайди. Давлат мукофотларига интилмайди. Агар у бир мавзуни четлаб ўтган бўлса, демак, ўзига хиёнат қилган; ёзган бўлса, бутун масъулиятни ўз бўйнига олган бўлади”.
Бу сатрларда Галина Троицкаянинг нафақат журналист, балки инсон сифатидаги қиёфаси мужассам. Шунинг учун ҳам “Самаркандский вестник” ўқувчилари унинг исмини алоҳида ҳурмат билан тилга олишади. Газетани очиб, энг аввало, унинг мақоласини қидирадиганлар талайгина.
Катта журналистика йўли Самарқанддан анча узоқларда бошланган эди. “Литературная газета”, “Комсомольская правда”, “Правда” каби собиқ иттифоқ миқёсидаги нашрларда ишлаб, у мухбирлик мактабидан ўтди, қаламини чархлади, дунёқарашини кенгайтирди. Аммо тақдир уни яна Самарқандга — ўзининг ҳақиқий ижодий манзилига қайтарди.
Ўтган асрнинг 80-йилларида “Ленинский путь” (ҳозирги “Самаркандский вестник”) газетаси таҳририятида унинг овози яна жаранглади. Бу ерда у қаламга олмаган мавзу қолмади, десак муболаға бўлмас. Чекка қишлоқлардаги мактабларнинг аҳволи, жиноят кўчасига кириб қолган инсон тақдири, шифохонада навбат кутаётган бемор, жамиятнинг оғриқли муаммолари — барчаси унинг мақолаларида жонли, реал, аччиқ ҳақиқат сифатида намоён бўлди.
— Воқеани эмас, унинг моҳиятини англаб ёзган журналист ютади, — деганди у 70 ёш арафасида бўлиб ўтган ижодий учрашувда. — Газета журналисти учун иш ҳар доим оғир. Чунки биз сўз билан ишлаймиз. Ҳар бир сўз элакдан ўтиши, ҳар бир фикр виждон тарозисида тортилиши керак. Журналист хулоса чиқармайди — у ҳақиқатни кўрсатади. Қолгани ўқувчининг ҳукмига ҳавола.
Бу сўзлар бир умрлик тажрибанинг хулосаси эди. Учрашув давомида у ҳаёт йўлида дуч келган тўсиқлар, кескин бурилишлар, инсон тақдирлари ҳақида сўзлади. У ёзган қаҳрамонлар фақат мақолада қолиб кетмаган, балки жамиятнинг ҳақиқий қаҳрамонларига айланганини тинглар эканмиз, журналист қаламининг қудратини яна бир бор ҳис этдик.
Дўстлар ва ҳамкасбларнинг илиқ фикрлари, самимий хотиралари кечага алоҳида руҳ бағишлади. Тақдим этилган фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар эса расмиятчилик эмас, балки бутун умрини касбга бағишлаган инсонга бўлган эҳтиром ифодаси эди.
Чунки Галина Троицкая учун журналистика касб эмас — виждон эди.
Гулруҳ МЎМИНОВА