Самарқанд вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қарори
Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида” ЎРҚ-1105-сон Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2025 йил
20 октябрдаги 02-1515-сонли ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг
2025 йил 25 декабрдаги 01/57-1-29239-сон хатларини инобатга олиб, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ, йигирма тўртинчи сессияси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикасининг “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни (кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур Қонунга мувофиқ, Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 7 200,0 млрд. сўм ва харажатлари 8 903,3 млрд. сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги ҳамда республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар
1 703,3 млрд. сўм миқдорида, шундан акциз солиғи тушумлари ҳисобидан ажратиладиган трансфертлар 406,9 млрд. сўм миқдорида тасдиқланганлиги инобатга олинсин.
3. Қуйидагилар:
Самарқанд вилоятининг вилоят бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага;
Самарқанд вилоятнинг вилоят бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 2-иловага;
2026 йил учун вилоят, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларига умумдавлат солиқлари ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек солиқ бўлмаган тўловлар бўйича белгиланадиган нормативлари 3-иловага;
Бунда, мазкур қарор қабул қилингандан сўнг бир кун муддатда тартибга солувчи даромадлардан ажратмаларнинг нормативлари бўйича вилоятнинг вилоят бюджети билан туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тақсимотини ўрнатилган тартибда “Давлат молиясини бошқариш ахборот тизимига” Самарқанд вилояти ғазначилик хизмати бошқармаси томонидан киритилиши белгилаб қўйилсин.
4. Туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг 2026 йил даромадлари ва харажатларнинг чегаравий ҳажми 4-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
5. 2026 йил учун вилоят бюджет, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 5-иловага мувофиқ белгилансин.
6. Вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 47,9 млрд. сўм миқдорида белгилансин.
2026 йил учун Самарқанд вилоятининг вилоят бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари тегишли бюджетлар тасдиқланган умумий харажатларининг (бундан туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга доир маблағлари мустасно) камида 1,0 фоизи миқдорида шакллантирилади.
Бунда туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари миқдори олдинги йилдаги ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилиши ҳамда қўшимча маблағларни шакллантириш вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармалари маблағларини камайтириш ҳисобидан амалга оширилганлиги инобатга олинсин.
7. Қуйидагилар:
Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслар бўйича мутлақ миқдорда 1 гектар ер учун белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар
6-иловага;
Жисмоний шахслар бўйича (деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжаллаган ерлардан ташқари) мутлақ миқдорда 1 кв.м учун белгиланган базавий солиқ ставкаларига нисбатан киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 7-иловага;
Нотурар кўчмас мулк объектларининг мол-мулк солиғи бўйича 1 кв.м майдон учун мутлақ миқдорда белгиланган энг кам қийматга нисбатан киритилаётган коэффициентлар 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ш.Бўронов), вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (Б.Мирзаев), вилоят солиқ бошқармаси (Ф.Бобоев), туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда
2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
9. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар 2026 йил учун ажратилаётган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ва масъулиятни янада кучайтириш, тегишли маҳаллий бюджетларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушумини таъминлаш ҳамда бюджет даромадлар базасини ошириш ва қўшимча манбаларни аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратсин.
10. Вилоят солиқ бошқармаси (Ф.Бобоев) ҳудудий солиқ органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган ваколатлардан келиб чиқиб:
- солиқларнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобланишини ҳамда ушбу солиқларни ўз вақтида бюджетга ундирилиши устидан солиқ назоратини ўрнатиш;
- ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказган ҳолда, солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминлаш ҳамда ушбу солиқ тўловлари бўйича солиқ қарздорлигига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
- айланмадан солиқ тури бўйича солиқ тўловчилар томонидан нақд пул айланмаларининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий солиқ назоратини ўрнатиш ҳамда зарур ҳолларда хронометраж ва камерал солиқ назорати тадбирларини ўтказиш;
- ер ва мол-мулк солиғининг солиқ базасини ошириш, яъни хатлов ишларини самарали ва мунтазам ташкил этиб бориш вазифалари юклатилсин.
11. Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси (Б.Ҳайдаров), вилоят солиқ бошқармаси (Ф.Бобоев) билан ҳамкорликда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд солиқ қарздорликларини бюджетга ундириш юзасидан тегишли чоралар кўриб борсинлар ҳамда чораклар якуни билан солиқ қарздорликларининг чорак бошига нисбатан камайиб бориши бўйича барча комплекс чора-тадбирлар кўриш вазифаси юклатилсин.
12. Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси (А.Эгамов), Ўзбекистон Республикаси Давлат активлари агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи (А.Янгибоев) билан биргаликда:
- бўш турган давлат мулки объектларини аниқлаш бўйича доимий равишда хатлов ишларини ташкил этиш;
- хатлов натижаларига кўра вилоятда мавжуд бўш турган давлат мулки объектлари рўйхатини шакллантириш, ижарага бериш ёки сотиш бўйича тегишли таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилсин.
13. “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси (Ф.Ражабов) ва вилоят солиқ бошқармаси (Ф.Бобоев) туман ва шаҳар ҳокимлари билан биргаликда вилоятда суғоришга сарфланаётган сув ҳажмларини аниқ ҳисоб-китоблар юритган ҳолда мазкур истеъмол ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлиқ ҳисобланишини ҳамда молия йили якунига қадар маҳаллий бюджетларга тўлиқ ундириб олиш вазифаси юклатилсин.
Бунда, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан истеъмол қилинаётган сув ресурслари ҳажмлари ва ушбу ҳажмлар бўйича ҳисобланаётган сув солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.
14. Вилоят ички ишлар бошқармаси (Т.Арипов), Адлия бошқармаси (С.Сатторов) вилоятда бюджетга ҳисобланган бож, жарима ва йиғимларни ўз вақтида тўлиқ бюджетга ундириш чораларини кўриб борсинлар.
15. Халқ депутатлари ҳудудий Кенгашлар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексининг
27 ва 28-моддаларида белгиланган бюджет соҳасидаги ваколатларидан келиб чиқиб, бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар тўлиқ ва ўз вақтида тушиши ҳамда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатсин.
16. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
- ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
- бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
- тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
- ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
- бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
17. Рақобатни ривожланлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш вилоят ҳудудий бошқармаси (Б.Тойиров) туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда ташқи реклама объектларини тўлиқ хатловдан ўтказган ҳолда, ушбу ташқи реклама объектлари бўйича шартномалар тузиш чораларини кўрсин ҳамда ушбу шартномалар бўйича йиғимларни бюджетга тўланиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси Самарқанд вилояти бошқармаси (Ш.Бобоқулов) бюджетдан ажратилган маблағларни мақсадли ишлатилишини назорат қилиш ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар чоракда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида ахборот бериб бориш вазифалари юклатилсин.
19. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати – матбуот котиби (М.Ихтиёров), Самарқанд телеканали (Д.Исматов), “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти (Ф.Тошев), “Овози Самарқанд” газетаси (Б.Раҳмонов) оммавий ахборот воситалари орқали қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни эълон қилиниши ҳамда ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилишини ташкил этсин.
20. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
21. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (М.Пўлатов) ҳамда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ш.Бўронов) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Ш.Негматов
2025 йил 30 декабрь
№ VII-24-191-7-0-K/25