Самарқандда бешта туман картошкачиликка ихтисослаштирилади
Президентимизнинг 2020 йил 6 майда “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва унинг уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор асосида вилоятимизда истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришни ошириш, картошкачилик соҳасида кластер ва кооперация механизмларини кенгайтириш, соҳани механизациялаштиришни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш, шунингдек, картошкага бўлган ички бозор талабини тўлиқ қондириш мақсадида 2020 йил 7 майда вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинди.
Эндиликда вилоятимизнинг Булунғур, Жомбой, Тойлоқ, Самарқанд, Ургут туманлари истеъмол ва уруғлик картошка, жумладан, унинг супер элита, элита авлодларини етиштиришга ихтисослаштирилади.
Булунғур туманининг Фозил Йўлдош, Ҳамид Олимжон, А.Махсумов, Навоий номли ва Килдон маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда уруғлик картошканинг супер элита авлодини етиштиришга ихтисослаштирилади.
Масъуллар ва тегишли ташкилотлар ҳар йили 1 декабргача кластер ва кооперациялар таклифлари ҳамда истеъмол меъёрлари асосида келгуси йил учун картошка экин майдонлари ва ялпи ҳосили прогноз кўрсаткичларини, уруғлик картошкага йиллик талаб ва етишмайдиган миқдорни аниқлайди.
2020 йил 1 ноябргача маҳаллий инвесторлар маблағлари ва халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг соҳага жалб қилинган кредит маблағлари ва грантлари ҳисобидан ҳудудларда “in vitro” лабороаториялари ташкил этилади.