Самарқандда давлат харидлари бўйича 50 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Самарқанд вилоятида бюджет буюртмачилари томонидан «dxarid.uz» ва «tender.mc.uz» махсус ахборот порталида жойлаштирилган эълонлар жойига чиқиб ўрганилди. Унда буюртмачилар томонидан давлат харидларини амалга оширишда 18 та ҳолатда жами қиймати 50 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланди.
Шундан, Самарқанд вилоят ҳокимлиги Инжиниринг компанияси буюртмачилигида Халқ таълими вазирлиги ва Солиқ қўмитасининг қуйи тизимларига қарашли объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича «tender.mc.uz» махсус ахборот порталида умумий қиймати 42 млрд. сўмлик жами 9 та тендер эълонлари жойига чиқиб кўздан кечирилганда, тендер ғолиблари белгиланмасдан туриб, қурилиш ишлари бошлаб юборилганлиги маълум бўлди.
Хусусан, Самарқанд вилояти ҳокимлиги инжиниринг компанияси томонидан 2021 йил 3 август куни Каттақўрғон шаҳар Давлат солиқ инспекцияси биноси қурилиши бўйича қиймати 5,5 млрд. сўмлик эълон берилган. Бироқ, қурилиш ишлари эълонда кўрсатилган муддатдан 3 ой олдин, яъни май ойида бошланган.
Шу билан бирга, Самарқанд вилоят ҳокимлиги Инжиниринг компанияси томонидан умумий қиймати 37 млрд. сўмлик Ургут туманидаги 22, 57, 61, 93-сонли, Иштихон туманидаги 8, 41-сонли, Каттақўрғон туманидаги 54-сонли, Самарқанд шаҳардаги 43-сонли мактаб биноларини қуриш ва таъмирлаш ишлари бўйича берилган эълонлар тендер ғолиблари белгиланмасдан туриб, объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Юқоридаги ноқонуний ҳолатлар оқибатида мазкур объектлардан чиққан қурилиш моллари туман халқ таълими бўлимига кирим қилинмасдан, қурилиш ташкилоти томонидан ишлатилган ҳамда маҳаллий аҳолига тарқатиб юборилган.
Самарқанд вилоят Кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан мебель ва тиббиёт ускуналарини харид қилиш бўйича жами қиймати 5,5 млрд. сўмлик 5 та танлов эълонлари ва ўтказилган танлов ҳужжатлари ўрганилганда, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Самарқанд вилоят Кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан 4 та лот бўйича тиббиёт ускуналарини харид қилиш учун эълон берилган. Мазкур ўтказилган танловлар ҳужжатлари ўрганилганда, унда ғолиб бўлган жамиятлар, яъни «Sam Med Torg», «Samarkand Eko Med», «Gamma Med», «Samarqand Ideal Pharm» МЧЖларнинг таъсисчилари ўзаро қариндошлиги маълум бўлди.
Cамарқанд иқтисодиёт ва сервис институти томонидан мебеллар тўпламини харид қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш мақсадида жами қиймати 2 млрд. 200 млн сўмлик 3 та танлов эълон қилинган бўлиб, ўрганиш натижасида ушбу ҳолатлар бўйича ҳам қонунбузилишлар қайд этилди.
Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 55-сон қарори талабларига зид равишда мазкур институт томонидан бир турдаги харажатларга тегишли бўлган таъмирлаш ишлари, яъни Иқтисодиёт факультетининг иккинчи қаватини мукаммал таъмирлаш бўйича умумий харид ҳажми икки қисмга бўлиниб, танлов эълон қилинган.
Жомбой тумани ҳокимлиги томонидан ҳокимликнинг маъмурий биносини қуриш бўйича қиймати 400 млн сўмлик танлов эълони ўрганилганда, танлов ғолиблари аниқланмасдан туриб, қурилиш ишлари якунланганлиги маълум бўлди.
Юқорида кўрсатилган ҳолатларда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилганлиги қайд этилди. Шунга кўра, Агентлик томонидан вазирлик ва идораларга давлат харидлари билан боғлиқ бўлган мазкур лотларни бекор қилиш бўйича тақдимномалар киритилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилди.