Самарқандда электр ўғрилари фош этилди: 2,5 миллиард сўмлик зарар аниқланди
Самарқанд шаҳри ва туманида ўтказилган назорат тадбирлари давомида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ учта ҳолат фош этилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қоидабузарликлар оқибатида давлат ва энергетика тизимига етказилган зарар қарийб 2,5 миллиард сўмни ташкил этган.
Бош прокуратура штаби томонидан Самарқанд туманида ўтказилган назорат тадбирида “Т. М.” уюшмасига қарашли нотурар бинода электр қурилмалари ўзбошимчалик билан электр тармоғига улангани аниқланди. Натижада 1 миллиард 113 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.
Шунингдек, мазкур туманда фуқаро А. А.га тегишли бинода ҳам худди шундай қоидабузарлик ҳолати қайд этилди. Дастлабки ҳисобларга кўра, ушбу ҳолат бўйича етказилган зарар миқдори 1 миллиард 261 миллион сўмни ташкил қилган.
Яна бир ҳолат Самарқанд шаҳрида жойлашган “Б. А. О.С.” МЧЖга қарашли бинода аниқланди. Текширувлар давомида объект электр тармоғига ноқонуний равишда улангани маълум бўлиб, натижада 135 миллион сўмлик электр энергиясидан қонунга зид тарзда фойдаланилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонунчиликка мувофиқ чоралар кўриш ишлари олиб борилмоқда.