Самарқандда электросамокатлар ва замонавий чироқлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Хитойнинг “YAXING GUOJI MAOYI” масъулияти чекланган жамияти масъуллари билан учрашув ўтказди.

Инвесторлар Оқдарё туманида амалга оширилиши кўзда тутилаётган 28 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳани тақдим этдилар. Компания алкоголсиз ичимликлар, кир ювиш кукуни, 2, 3 ва 4 ғилдиракли замонавий электросомакатлар, шунингдек, қуёш панелида ишлайдиган кўча чироқларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Биринчи босқичда 16,5 миллион доллар ўзлаштирилиб, корхона 2026 йил февраль ойида ишга тушиши кўзда тутиляпти. Бироқ, ишлаб чиқаришни муваффақиятли йўлга қўйиш учун Оқдарё туманидаги «Ургут» ЭИЗ филиали жойлашган Даҳбед массивига олиб борувчи автомобиль йўлини қуриш зарур. Инвесторлар айнан шу масалада вилоят раҳбарига мурожаат қилди.

Адиз Бобоев автомобиль йўллари бошқармаси мутасаддиларига масалани тезкор ҳал этишни топширди ва хитойлик тадбиркорларга барча масалаларда қонун доирасида  ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.

Томонлар, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш босқичларини муҳокама қилиб, кейинги ҳамкорлик қадамларини белгилаб олдилар.

Ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши билан ҳудудда 40 та янги иш ўрни яратилади, бу эса туманнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига катта ҳисса қўшади.