Самарқандда "Фермерлар мактаби" очилди
Кеча, 31 май куни республикамизнинг бешта ҳудудида бир вақтда онлайн тарзда "Фермерлар мактаби"нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шулардан бири Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида очилди.
- "Фермерлар мактаби" икки ойлик ўқув курси бўлиб, унга қишлоқ хўжалиги соҳасига қизиққан 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар суҳбат асосида ўқишга қабул қилинди, - деди филиал директори Шавкат Ҳасанов. - Ўқув курси ёшлари бир ой мобайнида чорвачилик, паррандачилик, сабзавот ва полизчилик, иссиқхона хўжалиги, бизнес, молия ва ҳуқуқий саводхонлик йўналишлари бўйича назарий билим олади. Сўнгра бир ой йирик корхона ва ташкилотларда амалиёт ўтайди.
"Фермерлар мактаби"га Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларидан 30 нафар талабгор қабул қилинди. Икки ой мобайнида уларнинг турар жойи, озиқ-овқати "Агробанк" АТБ томонидан молиялаштирилади.
- Мен Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан келдим, - деди Шейхруз Бурхонов. - 100 гектар ерим бор, пахта ва ғалла етиштираман. Аввал хўжаликни отам бошқарарди, икки йилдан бери мен фермерлик қиляпман. "Фермерлар мактаби"ни бир дўстимдан эшитиб қолдим. Дастлаб онлайн ҳужжат топширдим. Кейин суҳбатга чақиртирилдим. Талабгорлар жуда кўп эди. Мана, бугун ўқишга чақиртирилдим, ўқув курсига қабул қилинганимдан жуда хурсандман.
"Фермерлар мактаби"ни тугатганларга сертификат берилади ва янги ўқувчилар ўқишга қабул қилинади.
Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ахборот хизмати.