Самарқандда гиёҳвандлик воситасини сотаётган шахс коронавирусга чалингани маълум бўлди
2020 йилнинг 10 июль куни соат 12:30 да ИИБ ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 38 ёшли У.Д. 0,59 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситасини 500.000 сўмга қонунга хилоф равишда сотган вақтида ушланган. Тадбирда ишлатилган 250.000 сўм пуллар холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситасини ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича У.Д.га тегишли модда билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Аммо дастлабки тергов жараёнида У.Д. Covid-19 инфекцияси билан хасталанганлиги аниқланиб, зудлик билан унга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” эҳтиёт чорасига алмаштирилган ва У.Д. карантинга олинган.