Самарқандда ичимлик суви нархи ошади
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган 37-сессиясида вилоятда ичимлик ва оқова сув хизматлари тарифлари миқдорини белгилаш масаласи кўриб чиқилган.
Сессияда вилоят ҳокими ўринбосари, “Самарқанд сув таъминоти” АЖ ҳамда вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси томонидан тақдим этилган таклифлар ва хулосалар асосида жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, тасдиқланган лойиҳа муҳокама қилинди.
Қарор лойиҳасига кўра, 1 куб метр ичимлик суви учун:
▫️ аҳоли учун — 3 600 сўм;
▫️ бюджет ташкилотлари учун — 8 500 сўм;
▫️ улгуржи истеъмолчилар учун — 8 500 сўм этиб белгиланиши таклиф этилмоқда.
Оқова сув (канализация) хизматлари учун эса:
▫️ аҳоли учун — 2 250 сўм;
▫️ бюджет ташкилотлари учун — 7 500 сўм;
▫️ улгуржи истеъмолчилар учун — 7 500 сўм.
Шунингдек, аҳоли учун ташиб етказиб бериладиган 1 метр куб ичимлик суви нархи 58 100 сўм этиб кўрсатилган.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг масала юзасидан сессия қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, янги тарифлар жорий йилнинг 15 октябридан кучга киради.