Самарқандда илк бор мураккаб робот хирургияси операциялари ўтказилди

Самарқанд шаҳрида 2-Евроосиё тиббиёт конгресси ва 1-Евроосиё ҳамширалар конгресси бўлиб ўтди.

Тиббиёт соҳасида илғор тажрибалар, инновациялар ва технологияларни жорий қилиш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим платформа вазифасини ўтаган анжуманда Абу Али ибн Сино меросини ўрганиш ва унинг тиббиёт фанига қўшган ҳиссасини эътироф этиш асосий мавзу сифатида муҳокама қилинди.

Шунингдек, минимал инвазив жарроҳлик ва робот жарроҳлик, замонавий технологиялар ёрдамида жарроҳлик амалиётларини янада такомиллаштириш ва беморлар учун хавфсизлигини ошириш, саратон касаллигини эрта аниқлаш, самарали даволаш усулларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш, тиббий кадрлар тайёрлашда инновацион усуллар ва симуляцион технологиялардан фойдаланиш тажрибалари муҳокама қилиниб, фикр алмашилди.

Халқаро илмий-амалий анжуманда республикамиз билан бир қаторда Россия, Туркия, Германия, Хитой, Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон ва бир қатор қўшни мамлакатлардан жами 400 дан ортиқ соҳа вакиллари, тадқиқотчилар иштирок этди. Конгресс давомида тиббиётнинг кўплаб долзарб муаммоларига қаратилган мавзуларда маърузалар қилинди ва фикр алмашилди.

Шунингдек, республикамиз ҳамда хорижлик етакчи мутахассислар томонидан робот жарроҳлик, лапароскопик гинекология ва урология, интервенцион радиология, лазер проктология ҳамда ҳамширалик курслари ташкил этилиб, маҳорат дарслари ўтказилди.

Халқаро илмий-амалий конгресс доирасида СамДТУ кўп тармоқли клиникаси хирургик корпуси базасида етакчи мутахассислар иштирокида 15 га яқин хирургик, урологик, гинекологик жарроҳлик амалиётлари ва Самарқандда илк бор мураккаб робот хирургияси операциялари ўтказилди. Вилоятдаги оғир даражадаги беморлар учун тиббий кўриклар ташкил этилди.

Конгресс очилиш маросимида “ЭCАҚА” (Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида аккредитация ва сифатни таъминлаш бўйича Евроосиё маркази) мустақил аккредитация ва рейтинг агентлиги томонидан Самарқанд давлат тиббиёт университетининг таълим фаолияти сифатининг жаҳон стандартлари ва мезонларига мувофиқлигини тасдиқловчи халқаро институционал аккредитация сертификати топширилди.

2030 йилга қадар амалда бўладиган мазкур аккредитация нафақат университет, балки унда ўқиётган минглаб талабалар учун ҳам катта имкониятлар эшигини очиб, битирувчиларнинг дипломлари хорижий давлатлар ва иш берувчилар томонидан тан олинишига замин яратади.

Самарқанд давлат тиббиёт университети ахборот хизмати.