Самарқандда “Иқтидор” мактаб ансамбли танловининг республика босқичи бўлиб ўтди

Самарқанд шаҳридаги “Нурафшон” санъат саройида “Иқтидор” мактаб ансамбли танловининг республика босқичи ўтказилди.

Танловнинг туман (шаҳар) босқичи жорий йилнинг 7-11 апрел кунлари 8 890 та жамоа ўртасида, ҳудудий босқичи 14-29 апрел кунлари 208 та жамоа ўртасида ташкил этилганди. Ўқувчи-ёшларнинг миллий чолғу санъатига бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилувчи мазкур танловга 6-10 синф ўқувчилари (8 нафар)дан иборат жамоалар жалб қилинди.

Ҳал қилувчи босқичда эса ҳудудлардан келган 14 та жамоа белгиланган шартлар асосида иқтидорларини намойиш этишди. Баҳслар таниқли санъаткорлар ва соҳанинг малакали мутахассислари томонидан баҳоланди.

Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими “Боқий шаҳар” мажмуасида бўлиб ўтади. Якуний натижаларга кўра, ғолиб деб топилган жамоа аъзоларини Озарбайжонга таълим саёҳатига юбориш режалаштирилган. 2-3-ўринларни қўлга киритган жамоалар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Айни пайтда иштирокчи ўқувчилар Самарқанд шаҳридаги маданий мерос объектларини зиёрат қилмоқда.