Самарқандда карантин қоидаларига риоя қилмаганлик учун 18 миллиард 121 миллион сўмдан ортиқ жарима қўлланилган?
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 11-сессияда бу ҳақда вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Раҳмонов ахборот берди.
Қайд этилишча, вилоят ҳудудида “Covid-19” вируси тарқалишининг олдини олиш, аҳоли ўртасида карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш мақсадида шаҳар-туманлардаги секторларнинг ҳар бирида 2 тадан ҳокимият, прокуратура, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, давлат солиқ идораси ходимларидан бир нафардан ИИБдан умумий масъуллар бириктирилган 128 та ишчи гуруҳлар тузилди.
Ишчи гуруҳлар томонидан 23 883 та корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда фуқаролар расман огоҳлантирилган.
Аҳоли ўртасида карантин қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш борасидаги профилактик чора-тадбирлар кучайтирилиб, аниқланган ҳар бир ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.
Жумладан, карантин тадбирлари эълон қилингандан бугунги кунга қадар 76 минг 332 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Шундан, 61 минг 983 та ҳолатда тиббий ниқоб тақмасдан юриш, 7 615 та стикерсиз транспорт воситасини бошқариш, 984 та сабабсиз жамоат жойларида тўпланиш, 2 та маросим ва йиғин ўтказиш, 3 та ижтимоий тармоқларда ваҳима тарқатиш, 5 745 та бошқа ҳолатларда маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Ҳуқуқбузарларга нисбатан 18 миллиард 121 миллион сўмдан ортиқ жарима тайинланган.
Жорий йил 15 мартдан 20 июлга қадар 32 минг 869 нафар фуқаролар кузатувга олинган. Уларнинг 29 минг 16 нафари карантин назоратидан чиқарилган.
Вилоятдаги карантин тадбирларига 1 592 нафар, жумладан, 940 нафар ички ишлар идоралари, 201 нафар Миллий гвардия, 76 нафар мудофаа, 262 нафар фавқулодда вазиятлар, 113 нафар давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси ходимлари жалб этилган.
Бугунги кунда вилоятда 1598 та ўринга мўлжалланган 21 та шифохона ва махсус муассасаларда беморлар ҳамда улар билан бирламчи мулоқотда бўлган жами 346 нафар шахслар жойлаштирилган. Шунингдек, 10 105 та ўринга мўлжалланган 45 та захира карантин объектлари, Самарқанд шаҳрида 100 ўринли шифохона ҳамда 1 000 ўринли карантин зонаси ташкил этилмоқда.
Вилоят ИИБ бошлиғи асосий эътиборни фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар, савдо объектларида карантин қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни янада кучайтиришга қаратиш ҳамда карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан муқаррар жавобгарликни таъминлаш, шунингдек, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини янада жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.