Самарқандда картошканинг янги нави яратилди
“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси маълум қилишича, сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий текшириш институтининг Самарқанд илмий тажриба станцияси олимлари томонидан шу пайтгача 35 та янги нав яратилган.
Жумладан, яқинда картошканинг “Боғизоғон”, помидорнинг “Мустақиллик-28” навлари Тошкент нав синаш илмий текшириш институтига юборилди.
- Олимларимиз картошка уруғчилиги борасидаги импорт миқдорини қисқартириш, иқлим шароитимизга мос янги картошка навларини яратиш борасида илмий изланишлар олиб боришмоқда, – дейди сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий текшириш институти Самарқанд илмий тажриба станцияси директори Шавкат Жабборов. – Биргина 2021 йилда 8 тоннадан ортиқ сабзавот, полиз экинларининг маҳаллий уруғлари ишлаб чиқарилди. Жумладан, картошанинг 60 тоннадан зиёд иқлим шароитимизга мос, серҳосил навлари вилоятдаги 20 га яқин уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига етказиб берилди. Жорий йилда Тойлоқ туманидаги уруғчиликка ихтисослашган учта фермер хўжалигида картошканинг “Боғизоғон” нави синовдан ўтказилади.
– Бугунги кунда вилоятимизнинг Булунғур, Тойлоқ ҳамда Самарқанд туманлари картошка етиштиришга ихтисослаштирилган, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Хушнуд Нурбеков. – Жорий йилда вилоят бўйича 20 минг гектар майдонда картошка экилиши режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 50 минг тонна картошка уруғи талаб этилади. Айни кунларда 31 минг тоннадан зиёд уруғлик картошка захираси шакллантирилган. Хориждан келтириладиган уруғлик ҳам белгиланган тартибда текширилиб, сўнгра экишга рухсат берилмоқда.