Самарқандда кимё ва биологияга ихтисослашган 8 та таянч мактаб ташкил этилади
2021 йил 16 мартда Самарқанд вилояти ҳокимининг “Умумтаълим мактаблари негизида кимё ва биология фанлари чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактабларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, Булунғур туманидаги 22, Иштихондаги 51, Каттақўрғон туманидаги 56, Қўшработдаги 34, Оқдарёдаги 45, Самарқанд туманидаги 33, Тойлоқдаги 30 ва Самарқанд шаҳридаги 14-умумий ўрта таълим мактаблари негизида 2021 йил 1 сентябрдан кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактаблар ташкил этиш белгиланди.
Ўқувчиларни ўқитиш ва билимларини баҳолашнинг замонавий услубларини жорий қилиш, шу жумладан, рақамли ўқув воситалари ва масофавий таълим шаклини кенг қўллаш, шунингдек, таълим жараёнини умумий касб маҳоратини шакллантиришга йўналиштириш, ўқув дастурларнинг рақамли иқтисодиёт талабларига мослашишини таъминлаш ва бу борада таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари, давлат идоралари ва тармоқ корхоналари билан ҳамкорликни ривожлантириш таянч мактабларнинг асосий вазифалари ҳисобланади.
Янги мактабларга ўқувчилар 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб белгиланган тартибда ихтисослаштирилган синфларга қабул қилинади. Шунингдек, мазкур муассасаларга юқори малакали педагог кадрлар ишга олинади.