Самарқандда кўзи ожиз ўқувчиларнинг шеърий китоби чиқарилди

Самарқанд шаҳридаги 59-сон “Нурли маскан” ихтисослаштирилган таълим муассасаси ўқувчилари орасида ибрат бўлаётган ижодкор, адабиёт ва санъатга ошно бўлганлар ҳамда спортчи-ёшлар кўп. Маҳлиё Даминова ва Шербек Исломов ҳам шеъриятга меҳр қўйган, қалб кечинмаларини сатрларида ифодалаган умидли ёшлардан.

Тошкент шаҳридаги “QAMAR MEDIA” нашриётида вилоят ИИБ ҳомийлигида уларнинг қалби кўзи билан англаган шеърий машқлардан иборат “Қуёшга тик қараганлар” номли илк тўплами чоп этилди. Бугун ушбу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Олий  Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Р.Маматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Т.Тугалов, шоира Хосият Бобомуродова иштирок этиб, китоб ўқишнинг фойдали томонлари ва ёш ижодкорларнинг шеърлари ҳақида фикрларини билдирди.

- Уларнинг қалби зулматдан нур топади, - дейди Хосият Бобомуродова. - Кўз билан кўриб бўлмайдиган туйғуларни ҳис қилиб, шеърга солади. Ҳар гал улар билан шеъриятнинг сирли дунёсида учрашганим сари бу нозик қалбларни алдаб бўлмаслигини англайман. Ёлғон туйғулар тоза юраклар учун ҳақорат бўлиб туюлади. Улар одамларга ва ўзларини бахтли келажак кутаётганига ишонади.

Китобда ёш ижодкорларнинг Ватанга муҳаббат, ота-онага ҳурмат, тинчлик ва дўстлик қадр-қиммати улуғланган шеърлари нафақат уларнинг тенгдошлари, балки ёши катта кишиларни ҳам эзгуликка чорлайди.